Глобал иқтисодий ўсиш 2023 йилдаги 2,7 фоиздан 2024 йилда 2,4 фоизгача секинлашади. Бу ҳақда БМТнинг жаҳон иқтисодий истиқболлари бўйича янги ҳисоботида сўз борган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу рақамлар ҳали ҳам пандемиядан олдинги даражадан паст бўлиб қолмоқда.

Ҳисоботда, шунингдек, юқори фоиз ставкалари, можароларнинг янада кучайиши, халқаро савдонинг сустлашуви ва ортиб бораётган иқлим фалокатлари глобал ўсишга катта тўсиқ бўлаётгани айтилади.

Мутахассислар узоқ муддатда қаттиқ кредитлаш шартлари ва юқори қарз харажатларини башорат қилмоқда. Уларнинг таъкидлашича, қарзга ботган жаҳон иқтисодиёти қўшимча сармояга муҳтож.

«2024 йил биз бу ботқоқдан чиқадиган йил бўлиши керак. Катта ва дадил инвестициялар ёрдамида барқарор ривожланиш ва иқлим бўйича чора-тадбирларни амалга оширишимиз ҳамда глобал иқтисодиётни тезроқ ўсиш йўлига солишимиз мумкин», — деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.

БМТ прогнозларига кўра, юқори фоиз ставкалари, истеъмол харажатларининг камайиши ва меҳнат бозорининг ёмонлашуви ҳисобга олинса, бир қатор йирик ривожланган мамлакатларда, хусусан, АҚШда 2024 йилда ўсиш секинлашади.

Ривожланаётган кўплаб мамлакатларнинг, айниқса, Лотин Америкаси ва Осиёнинг яқин муддатли ўсиш истиқболлари ҳам молиявий шароитларнинг кескинлашиши, фискал майдоннинг қисқариши ва ташқи талабнинг камлиги туфайли заифлашмоқда. Хусусан, Хитойда иқтисодий ўсиш 2024 йилда 4,7 фоизгача секинлашиши кутилмоқда.

Кам даромадли мамлакатларнинг иқтисодий истиқболлари оғир қарз юклари, юқори фоиз ставкалари ва иқлим ўзгариши оқибатида юзага келган экстремал об-ҳаво ҳодисалари билан боғлиқ йўқотишлар билан чекланади.

Инфляция

Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, глобал инфляция пасайишда давом этади ва 2024 йилда 3,9 фоизни ташкил қилади (2023 йилда 5,7 фоиз эди). Бироқ кўпгина мамлакатларда нарх босими юқорилигича қолмоқда ва геосиёсий можароларнинг ҳар қандай янада кучайиши инфляциянинг қайта тикланишига олиб келиши мумкин.

Ривожланаётган мамлакатларнинг қарийб чорак қисмида йиллик инфляция 2024 йилда 10 фоиздан ошиши кутилмоқда, дейилади ҳисоботда. 2021 йил январь ойидан бери ривожланаётган мамлакатларда истеъмол нархлари умумий 21,1 фоизга ошиб, пандемиядан кейин эришилган иқтисодий ютуқларни бой берди.

«Доимий юқори инфляция қашшоқликни бартараф этишдаги тараққиётни янада секинлаштирди, айниқса, кам ривожланган мамлакатларга жиддий таъсир кўрсатди», — деди БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий масалалар бўйича раҳбари ўринбосари Ли Цзюньхуа.

Ҳисоботга кўра, глобал меҳнат бозорлари пандемиядан кейин нотекис тарзда тикланмоқда. Ривожланган мамлакатларда ўсиш суръатлари пасайганига қарамай, меҳнат бозоридаги вазият барқарор. Бироқ кўплаб ривожланаётган мамлакатларда, айниқса, Ғарбий Осиё ва Африкада бандликнинг асосий кўрсаткичлари, жумладан, ишсизлик даражаси ҳали пандемиядан олдинги даражага қайтмаган.

Бундан ташқари, ҳисоботда таъкидланишича, бандликдаги глобал гендер фарқи юқорилигича қолмоқда ва иш ҳақи бўйича гендер фарқи нафақат сақланиб қолган, балки баъзи касбларда ҳатто ортган.