Ҳафтанинг биринчи ярмида қор ва совуқ об-ҳаво олиб келган совуқ антициклон Ўзбекистон ҳудудидан тез чекинмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Республика ҳудудининг катта қисмида ҳарорат кечалари 0…−5 даража совуққача кучсизлашади, жума куни кундузи эса ҳаво +4…+9 даража илиққача исийди. Республиканинг шимолида ҳам ҳаво илиқлашади, аммо кундуз куни ҳали ҳам ҳарорат −3…−8 даража совуқ атрофида бўлади.

Жума куни кундузи Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат республиканинг жанубий ва жануби-ғарбий ҳудудларида кечга томон баъзи жойларда асосан ёмғир кўринишидаги бироз ёғингарчилик бўлади.

Шанба куни жанубий ҳудудлардан нам ҳаво массаси республиканинг марказий ҳудудларига тарқалади. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ёмғир ва қор кўринишида бироз ёғингарчилик бўлади. Кундузги ҳаво ҳарорати 0…+5 даража илиққача бироз пасаяди.

Тоғли ҳудудларда асосан қор кўринишидаги ёғингарчилик бўлади.

17 декабрь — якшанба куни республикнинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кечаси ҳарорат 0…−5 даража совуқ, шимолда −5…−10 даража совуқ, кундузи +2…+7 илиқ бўлади.

Республика бўйича баъзи жойларга туман тушади. Айрим жойларда шамол 15−20 м/с гача кучайиши мумкин.

Пойтахтда жума ва якшанба куни ёғингарчилик кутилмайди, шанба куни вақти-вақти билан бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Ҳарорат 15 декабрда +6…+8 даража илиқ, 16−17 декабрда кечаси −3…+2, 16 декабрда кундузи 0…+2 даража, 17 декабрда +3…+5 даража бўлади.