Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов вилоятдаги озиқ-овқат дўконларида яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларнинг сотилаётгани юзасидан йиғилиш ўтказди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

«Мени жаҳлим чиққани — уч ойлик бола истеъмол қиладиган «Малютка»ларнинг (болалар овқати — таҳр.) ҳам муддати олти ойлаб ўтиб кетгани. [Уни] халқимизни алдаб сотаётгани кечириб бўлмас воқелик», — деди Эркинжон Турдимов.

Вилоят ҳокимлигида ишчи гуруҳ тузилиб, Самарқанд шаҳри, Булунғур ва Самарқанд туманидаги савдо марказларида ўрганиш ўтказилди. Мониторинг натижалари юзасидан видеоролик тайёрланди.

«Кўп жойларда яроқлилик муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилмаган колбаса ва пишлоқ маҳсулотларини учратиш мумкин», — дейилади ҳокимлик видеолавҳасида.

муддати ўтган маҳсулотлар, самарқанд, эркинжон турдимов

Тўрт кун давом этган ўрганиш давомида ишчи гуруҳ шаҳардаги 41 савдо шохобчасини текшириб, 1736 дона яроқлилик муддати ўтган маҳсулот аниқлади.

«Ҳурматли дўкондорлар, дўконни эгасимисиз, озиқ овқат сотяпсизми, ноинсофлик қилманг ва муддати ўтган маҳсулотларни сотманг. Йиғиштириб олиб кетинг. Бўлмаса, биз сизни „йиғиштириб олишга“ мажбур бўламиз. Айниқса, қўлда тайёрланадиган пишириқларни ҳам, келиб чиқиш манбаси йўқ, сертификатланмаган, қадоқланмаган, муддатлари ёзилмаган нарсаларни булочка, торт деб сотиб ётибди. [Дўконда] музлатгичи йўқ», — дея таъкидлади вилоят раҳбари.

Ишчи гуруҳининг видео хабарига кўра, дўконлардан бири сифати кафолатланмаган 11 турдаги маҳсулот сотувдан олинмаган. Дўконда қалбаки маҳсулотлар ҳам аниқланган.

муддати ўтган маҳсулотлар, самарқанд, эркинжон турдимов

Дўконлардан бирида ширинликларнинг яроқлилик муддати 2022 йил 15 декабрда тугаган — бир йил кечиккан бўлсада, товарлар ҳали ҳам жавонда турибди ва шунга ўхшаш ҳолатлар ҳамма жойда учраб туради. «Баъзи сотувчилар савдо қилмасдан, [инспекторларни пайқаб,] дўкон эшикларини ёпиб ҳам кетишди», дейилади ҳикояда.

Эркинжон Турдимов Самарқанд вилояти аҳолисига маҳсулот харид қилишда эҳтиёт бўлишни сўраб мурожаат қилди.

«Сотиб олаётган маҳсулотингизнинг яроқлилик муддатига қаранг. Чунки, дўконларимизда виждонини ютган сотувчилар ҳам йўқ эмас. Баъзилари яроқлилик муддати бир кун ўтганини билмай қолиши мумкин, аммо амал қилиш муддатидан бир неча ой ўтган маҳсулотларни сотяпти. [Муддати ўтишига] бир ой қолган бўса ҳам ёки бир кун қолган бўлса ҳам олманг. „Майли, фарзандимга ҳеч нима қилмайди“ дейишингиз мумкин, аммо келажакда бу унинг соғлиғига салбий таъсирини кўрсатади. Эртага топган бор пулингизни болангизни даволатиш учун пул сарфлаб, дорихонама дорихона югуришингизга тўғри келади», — деди Эркинжон Турдимов.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандда август ойида 50 га яқин киши ҳотдоглардан заҳарланиб, юқумли касалликлар шифохонасига тушган, тўйхонадаги 42 киши эса тадбирдан бир кун аввал тайёрланган салатлардан заҳарланган эди.