Самарқанд вилояти Ургут туманида 42 нафар фуқаро овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси хабар қилди.

4 август куни Ургут тумани «Жарқишлоқ» маҳалласидаги «Тошпўлат ота» тўйхонасида 2023 йил 3 август куни ўтказилган тўй тадбирида иштирок этган 7 нафар фуқаро тунги соат 02:00 дан бошлаб эрталаб 10:45 га қадар «Ўткир овқат токсикоинфекцияси» ташхиси билан туман юқумли касалликлар бўлимига, бир нафар бемор эса вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Барча беморлар ўз касалликларини 2023 йил 3 август куни куннинг иккинчи ярмида «Тошпўлат ота» тўйхонасида истеъмол қилинган майонезли салатлар билан боғлашган.

Қайд этилган ҳолат юзасидан Санепидқўмита Ургут туман бўлими мутахассислари томонидан олиб борилган эпидемиологик суриштирувлар натижасида тўй эгаси томонидан тўйдан бир кун аввал яъни 2 август куни тайёрланган салатлар дастурхонга тортилганлиги аниқланди. Салатлар дастурхонга қўйилгунга қадар сақлаш қоидаларига риоя этилмай, музлатгичда сақланмаган.

Тиббиёт ходимлари томонидан тўй тадбирида иштирок этганларни аниқлаш мақсадида уйма-уй юриб суриштириш ўтказилиб, касаллик белгилари аниқланган яна 34 нафар фуқаро туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Қайд этилишича, беморларнинг аҳволи ўрта оғирликда деб баҳоланмоқда, оғир беморлар йўқ. Ҳолат Санепидқўмита томонидан тўлиқ назоратга олинган.