18 август куни Самарқанд шаҳрида фаст фуддан заҳарланган 49 киши вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди. Zamon ахборот дастурида эълон қилинган лавҳага кўра, беморлар хот дог еганидан сўнг соғлиғида ўзгариш сезган.

Заҳарланганлар орасида бир оиланинг 4 нафар аъзоси бор. Уларнинг 3 нафари кечга яқин кўнгил айниши, тана ҳарорати кўтарилиши ортидан шифохонага мурожаат қилган.

«Туш вақти оилавий бориб, 2 набирам билан ўша ердан хот дог едик. Кечқурунга бориб болаларда температура, қайт қилиш ва ич кетиш [кузатилди]. Юқумли касалликлар шифохонасига келганимизда бу ерда жуда кўп одам бор экан», — дея таъкидлади беморларнинг бувиси.

Унинг таъкидлашича, касалланганлар бир жойдан овқатланганини билдирган.

«Боламнинг иштаҳаси яхши эмасди. Фаст фуддан таом еймиз, деганига пул бериб юборгандик. Ўша куни кечқурун кетган бўлса, кечаси унинг мазаси бўлмай иситма қила бошлади. Ўзим унга қарадим. Лекин эртаси куни яна иситмаси чиқди. Иккинчи куни тана ҳарорати 41 даражага кўтарилиб кетди. Қўрқиб олиб келдик», — дейди яна бир боланинг онаси.

«Беморларнинг 29 нафарига уйга жавоб берилган, қолган 20 нафари муолажа олмоқда. Аҳволлари яхши. Келаётганлар ҳам 1−2 кун ичида яхшиланиб кетади», — деди шифокор Саъдулла Вафоқулов.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бош мутахассиси Абдураҳмон Исмоиловнинг таъкидлашича, хот дог ичига солинган сабзи салати уйда тайёрланган бўлиб, ошхона ана шу маҳсулотдан фойдаланиб келган. Фаст фуд фаолияти ҳозирча тўхтатилган. Хот догга солинган маҳсулотлар намуналари ўрганиш учун вилоят СЭСга топширилди.

Текшириш давомида савдо шохобчасида технологик эҳтиёжлар учун ишлатилаётган иш анжомлари маркировкаланмаганлиги, идиш ювиш хонаси санитария қоида ва меъёрларга зид равишда ташкил этилганлиги ҳамда савдо шохобчасида хавфсизлиги кафолатланмаган уй шароитида тайёрланган салатларни ишлатилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Бу эса «Умумий овқатланиш корхоналарига қўйиладиган гигиеник талаблар тўғрисида»ги 0027−22-сонли СанҚваМни ҳамда «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддаси, «Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунни 14-моддаси талаблари бузилганлигини кўрсатади.

Аниқланган камчиликлар юзасидан «Бир зумда» номли савдо шохобчасининг иш фаолияти 18 августдан вақтинча тўхтатилган ва корхона раҳбари А.А.га маъмурий баённома расмийлаштирилган.