Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) Тошкент шаҳридаги уй-жой ижара нархларини таҳлил қилиб, 2023 йил октябрь ойида пойтахтда барча турдаги хонадонлар учун таклиф этилаётган ижара нархлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан арзонлаганини қайд этди. Шаҳардаги ўртача таъмирланган 1 хонали уйлар ижараси нархи ўрта ҳисобда 348 долларни ташкил этмоқда.

Фото: Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтиФото: Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти

Тошкент шаҳри туманлари кесимида ўртача таъмирланган 1 хонали уйлар учун таклиф этилаётган ижара нархлари 2023 йилнинг октябрь ойида ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан ўртача 6 фоизга, 2 хонали уйлар учун 7,7 фоизга, 3 хонали уйлар учун 13,9 фоизга ҳамда 4 хонали уйлар учун 13,1 фоизга тушган.

Бунда 1 хонали уйлар учун ижара нархларининг энг юқори тушиши Учтепа (-26,9 фоиз), Юнусобод (-17,5 фоиз), Яккасарой (-14,7 фоиз), Олмазор (-11,4 фоиз) туманларида кузатилган бўлса, қолган туманларда 10 фоиздан кам тушиш қайд этилган.

  • 2 хонали уйлар учун Бектемир (-20,2 фоиз), Юнусобод (-13,7 фоиз), Яшнобод (-12,8 фоиз), Олмазор (-10,8 фоиз) ҳамда Мирзо Улуғбек (-10,3 фоиз) туманларида ижара нархлари 10 фоиздан кўпроқ тушгани аниқланган.
  • 3 хонали уйлар учун Олмазор (-22,2 фоиз), Мирзо Улуғбек (-21,6 фоиз), Яшнобод (-20,9 фоиз) ва Шайхонтоҳур (-18,6 фоиз) туманларида ижара нархлари 10 фоиздан юқори тушгани кузатилган.
  • 4 хонали уйлар учун Сергели (-28,6 фоиз), Юнусобод (-25,8 фоиз) ва Мирзо Улуғбек (-24 фоиз) туманларида ижара нархларида 20 фоиздан кўпроқ тушиш кузатилган.

ижара нархи, мобилизация, тошкент, мҳти
Бир йил ичида тўлиқ таъмирланган уйлар учун ижара нархлари Тошкент шаҳрида ўртача 9,9 фоизга тушган. Бунда 1 хонали уйлар учун Учтепа (-16,7 фоиз), Яккасарой (-15,5 фоиз) ва Миробод (-15,4 фоиз) туманларида ижара нархлари 15 фоиздан кўпроқ тушгани кузатилган.

  • 2 хонали уйлар учун Олмазор (-15 фоиз), Яшнобод (-11,3 фоиз), Яккасарой (-10,8 фоиз) ҳамда Учтепа (-10,7 фоиз) туманларида ижара нархлари 10 фоиздан кўпроқ тушган.
  • 3 хонали уйлар учун Учтепа (-20,7 фоиз) ва Олмазор (-20 фоиз) ижара нархларида энг юқори тушиш қайд этилган.
  • 4 хонали уйлар учун Яккасарой (-29,7 фоиз) ва Чилонзор (19,8 фоиз) туманларида ижара нархларининг тушиши кузатилган.

ижара нархи, мобилизация, тошкент, мҳти

МҲТИ ўтган йилнинг сентябрь-октябрь ойларида пойтахтдаги ижара нархлари сезиларли даражада ошиб кетганига шаҳарга релокантлар оқимининг кўпайиши ҳамда янги ўқув йили бошланиши билан талабалар томонидан ижарага бўлган талабнинг ошиши сабаб бўлганини эслатган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 21 сентябрдан бошлаб Россияда қисман сафарбарлик ҳолати эълон қилинганди. Бунинг фонида эса Тошкентда ижарага бериладиган уй-жойга бўлган талаб кескин ошиши кузатилган ва пойтахтда ўртача ижара нархи йил бошидан буён 22,4 фоизга қимматлаганди.