Сентябрь ойида Ўзбекистонда рўйхатга олинган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19%га (+3,7 минг) ошди. Умуман, йил бошидан бери, уй-жой савдосининг ўсиши 9,7%ни (195,7 мингта) ташкил этди, дея хабар қилди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари.

Сотувлар пасайишининг асосий сабабини ўқув йилининг бошланиши ва чет эл фуқароларининг сезиларли оқими туфайли уй-жой ижарасига талабнинг ошиши билан изоҳланади. Шу билан бирга, иккиламчи уй-жой нархларининг ўртача ўсиши қайд этилди.

Кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони ўзгариши. Манба: ИТИМ

Энг юқори ўсиш суръатлари Қорақалпоғистон Республикасида — 50%, Сирдарёда — 42%, Жиззахда — 39% ва Наманган вилоятларида — 50% қайд этилди.

Шу билан бирга, жорий йилнинг август ойига нисбатан кўчмас мулк савдосининг бироз пасайиши кузатилди, бу асосан ўқув йилининг бошланиши ва чет эл фуқаролари сонининг сезиларли даражада кўпайиши туфайли ижарага бериладиган уй-жойларга талабнинг ошиши билан боғлиқ.

Шундай қилиб, Тошкент шаҳрида 1 кв.м учун ўртача ижара нархи йил бошидан буён 22,4%га ошди.

Уй-жой ижараси нархларининг энг юқори ўсиш суръатлари Олмазор — 49%, Яшнобод — 44%, Сергели — 34% ва Шайхонтоҳур туманларида — 33% қайд этилди.

1 кв.м учун ижара ҳақининг юқори қиймати Шайхонтоҳур (12,5 доллар), Миробод (10,8 доллар) ва Яккасарой (10,8 доллар) туманларида қайд этилди. Нисбатан арзон ижара нархлари Сергели (6,7 доллар) ва Бектемир (4,6 доллар) туманларида кузатилди.

Иккиламчи бозорда нархларнинг ўзгариши

Ҳисоб — китоблар шуни кўрсатадики, сентябрь ойида иккиламчи бозорда уй-жой нархининг ўртача ўсиш суръати ойига 1,1%ни ташкил этди (август ойида-0,5%, июль ойида-2,5%).

Наманган — 5,9%, Жиззах — 4,5% ва Фарғона вилоятларида-4,4% уй-жой нархининг сезиларли ўсиши кузатилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси-4,3%, Хоразм-1,7% ва Қашқадарё вилоятларида-0,4% уй — жой нархининг пасайиши қайд этилди.

Йил бошидан бери иккиламчи бозорда 1 кв.м учун ўртача уй-жой нархи 8,9%га ошди.

Тошкент шаҳри ва вилоят административ марказларида иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар ўзгариши (1 кв метр учун АҚШ долларида. Манба: ИТИМ

Тошкент шаҳридаги иккиламчи кўчмас мулк бозоридаги нархларнинг ўсиши 1,7%ни ташкил этди (август ойида 1,4%, июль ойида 2,4%). Уй-жой нархининг энг катта ўсиши Юнусобод, Яккасарой ва Мирзо-Улуғбек туманларида қайд этилди.

Тошкент шаҳрида 9 ой давомида уй-жой савдоси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6%га ўсди.

Тошкент вилоятида рўйхатга олинган шартномалар сони 2,4 мингтани ташкил этди.