Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасидан кечки вақтда ҳам фойдаланиш мақсадида Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармаси харажатлари учун қўшимча 1,2 млрд сўм ажратиш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатасининг 21 ноябрда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Шарафиддин Назаров маълум қилди.

20 октябрдан Тошкент шаҳридаги Миллий кутубхона туну кун ишлаш режимини тўхтатганди. Маъмуриятнинг «Газета.uz»га билдиришича, қарор куз-қиш мавсумида электрни тежаш, тунда ишлаш учун қўшимча штатлар ажратилмагани, шунингдек, фойдаланувчиларни назорат қилиш имкони чеклангани учун қабул қилинган.

«Куз-қиш мавсумида электр энергияси сарфини бирмунча иқтисод қилиш ва кичик хизмат кўрсатиш персоналида (фаррошлар) мавжуд вакант иш ўринларини тўлдириш, куз-қиш мавсумида бинодаги гардероб фаолиятини йўлга қўйиш имконияти мавжуд эмаслигини эътиборга олиб, Миллий кутубхона тунги сменада фаолият олиб боришни мавсумий (вақтинча) тўхтатиб, фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш вақтини соат 08:00 дан 21:00 гача этиб белгилади», — дейилганди хабарда.

Қуйи палата йиғилишида таъкидланишича, бу масалага депутат Дониёр Ғаниев эътибор қаратган.

Амалдаги тартибга кўра, кутубхона 8:00 дан 21:00 га қадар, дам олиш (шанба ва якшанба) кунлари эса 9:00 дан 17:00 га қадар китобхонларни қабул қилади.

Муассаса таклифларга кўра 2022 йилнинг 1 ноябридан туну кун ишлай бошлаганди.