Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси 1 ноябрдан ҳафтасига 7 кун, суткасига 24 соат давомида ишлаш тартибига ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори ўринбосари Насиба Холдорова «Севимли» телеканалининг «Замон» информацион дастурига берган интервьюсида маълум қилди.

Аввалроқ, Twitter’даги мурожаат ва муҳокамалардан сўнг, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев Миллий кутубхона яқин вақт ичида 24/7 режимида ишлай бошлашини маълум қилган эди. Ҳозирда Миллий кутубхона иш кунлари 8:00 дан 21:00 га қадар, дам олиш (шанба ва якшанба) кунлари эса 9:00 дан 17:00 га қадар китобхонларни қабул қилади.

Кутубхона директори ўринбосари Насиба Холдорованинг сўзларига кўра, муассаса иш вақтини узайтиришга «фойдаланувчиларнинг талабларидан келиб чиқиб», «жуда узоқ муддатли муҳокамалар»дан сўнг қабул қилинган. Миллий кутубхонанинг иш соатларини узайтириш режалаштирилаётгани ҳақида унинг директори Умида Тешабоева 2019 йилда ҳам гапирган эди.

Таъкидланишича, туну-кун ишлаш тартибига ўтилганидан сўнг, тунги вақтда кутубхонанинг барча бўлимлари ҳам фаолият кўрсатмайди.

«Хориж тажрибасига таянадиган бўлсак, 24/7 режимида ишлаётган кутубхоналар тўлиқ фаолият кўрсатмайди, маълум бир ўқиш заллари ишлайди. Биз ҳам чап қанотимиз эмас, асосий ўқиш заллари эмас, ўнг қанотда ишга туширилган электрон кутубхонамиз ишлашини йўлга қўймоқчимиз», ­­­­- деди кутубхона директори ўринбосари.

Twitter’даги муҳокамалар чоғида нафақат Миллий кутубхонанинг, балки бошқа ҳудудлардаги кутубхоналар иш вақтини ҳам узайтириш таклиф қилинган эди. Насиба Холдорованинг сўзларига кўра, ушбу тартиб кейинчалик вилоят марказларидаги кутубхоналарда ҳам жорий этилиши мумкин.

«Ҳозирча 24/7 ни Миллий кутубхонанинг ўзида синаб кўрамиз — йўқ, синаб кўрамиз эмас, жорий этамиз ­­- Миллий кутубхонада жорий этиб, қўлимизда тегишли маълумот бўлганидан кейин, албатта, ҳудудлардаги талаблар ҳам ўрганилади. Ҳудудларда ҳам талаб бор. Вилоят марказларидаги кутубхоналар ҳам босқичма-босқич ўтади», — дея қўшимча қилди Насиба Холдорова.