2024 йилнинг январь-апрель ойларида ўтказилган рейд тадбирларида Ўзбекистонда ичимлик ва оқова сув тизимларига 2600 га яқин ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда 16 май куни Миллий матбуот марказида «Ўзсувтаъминот» АЖ масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Таъкидланишича, ичимлик сув таъминоти тармоқлари ва оқова сув хизматларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ташкилотлар томонидан мунтазам равишда рейд тадбирлари олиб борилмоқда.

«Жорий йилнинг январь-апрель ойлари давомида Бош прокуратура ҳамда Сув инспекцияси масъуллари билан ҳамкорликда ўтказилган рейд тадбирларида ичимлик ва оқова сув тизимларига 2600 га яқин ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланди. Бунда энг юқори кўрсаткичлар Тошкент шаҳри (572 та), Жиззах (393 та), Самарқанд (321 та) ва Қашқадарё (288 та) вилоятларида кузатилди», — деди «Ўзсувтаъминот» АЖ бўлим бошлиғи Султонхўжа Дадабоев.

Унинг сўзларига кўра, мазкур қонунбузарликлар туфайли, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, «Ўзсувтаъминот» манфаатларига 51 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилган.

«Сув таъминоти ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланишга амалдаги қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик кўзда тутилган бўлиб, қонунбузарларга белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилмоқда», — деди Дадабоев.

Маълумот учун, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик)да сув таъминоти ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланганлик учун жазо чоралари қайд этилган. Хусусан, БҲМ (340 минг сўм)нинг 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилганча ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси мавжуд.