20 октябрь куни «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятига қарашли UNG Petro ёнилғи қуйиш шохобчаларида Аи-100 бензини сотуви бошланди. Бу ҳақда АЁҚШ тармоғи матбуот хизмати хабар берди.

«Ўзбекнефтгаз» матбуот хизматининг «Газета.uz»га ойдинлик киритишича, ушбу бензин импорт қилинади. Бир литрининг нархи 15 800 сўм. Таққослаш учун: Аи-92 нархи 10 200 сўм бўлса, Аи-80 нархи — 6050 сўм.

Аи-100 ҳозирча фақат пойтахтдаги саккизта ёнилғи қуйиш шохобчасида сотилмоқда: Паркент бозори, Алоқа, Чинобод, Генерал Узоқов, Бодомзор, Қорасув, Аҳмад Дониш, Чўпон-ота.