Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг масалалари кўриб чиқилди.

Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев таклиф ва кўрсатилаётган самимий қабул учун Хитой етакчисига миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон раҳбари ХХР Раисини Хитой ташкил топган кун ҳамда «Бир макон, бир йўл» ташаббусининг ўн йиллик юбилейи билан дилдан қутлади.

си цзиньпин, хитой, шавкат мирзиёев

«„Макон ва йўл“ ташаббуси қисқа тарихий давр ичида умумий тараққиёт ва равнаққа эришиш йўлидаги ҳамкорлик учун муҳим, инклюзив ва очиқ платформага айланди. ХХР раисининг „Яшил ипак йўли“ ташаббуси илк бор 2016 йилда Ўзбекистонда билдирилгани чуқур рамзий маънога эга», — деди Ўзбекистон етакчиси.

Ўзбекистон Хитой билан кўп қиррали муносабатларни янада чуқурлаштиришга қатъий интилиши алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон президентининг 2023 йил май ойидаги Хитойга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар изчил бажарилаётгани, сиёсий мулоқот мустаҳкамланиб, асосий масалалар борасида томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани алоҳида таъкидланди.

Қайд этилишича, кейинги йилларда Хитой инвестициялари ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони уч баробар кўпайди. 2023 йил бошидан буён ўзаро савдо ҳажми 36 фоизга ошди. Йил якунигача ушбу кўрсаткич 10 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

Товар айирбошлашни яқин беш йилда 20 миллиард долларга етказиш учун барча асослар борлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.

си цзиньпин, хитой, шавкат мирзиёев

Хитой компаниялари ва молиявий институтлари иштирокида юксак технологиялар, муқобил энергетика, кимё, машинасозлик, металлургия, электротехника тармоқларида, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа йўналишларда бир қатор йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон юқори қўшилган қийматли инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни биргаликда ташкил этиш орқали юқори технологик лойиҳаларни кўпайтиришдан манфаатдорлиги билдирилди. Хитойнинг етакчи банклари ва «Ипак йўли» фонди билан самарали ҳамкорликка юқори баҳо берилди.

Ҳудудлараро алоқалар фаоллашгани қайд этилди. Йил бошидан Ўзбекистонга Шинжон-Уйғур автоном ҳудуди, Шенси, Шандун, Сзянсу ва Сзянси музофотлари делегациялари ташриф буюрди.

Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш борасида самарали тажриба алмашиш ва амалий ҳамкорлик қилишга эътибор қаратилди. Барча келишувлар ижросининг боришини кўриб чиқиш мақсадида Ҳукуматлараро қўмитанинг навбатдаги йиғилишини ўтказиш таклиф қилинди.

Етакчилар маданият, таълим ва туризм соҳаларида қизғин ҳамкорликни юксак баҳоладилар. Хитой 2023 йилни «Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили» деб эълон қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирилди.

Яқинда Ханчжоудаги Ипак миллий музейида Ўзбекистоннинг тақдимоти бўлиб ўтди. Пекиндаги «Гугун» саройи музейида «Макон ва йўл» ташаббуси доирасидаги Археологик ҳамкорлик кўргазмасида тарихий меросимиз экспозицияси ташкил этилди.

Октябрь ойи охирида Ўзбекистонда Хитой маданияти кунлари, келгуси йил баҳорида эса Хитойда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш режалаштирилган.

си цзиньпин, хитой, шавкат мирзиёев

Ўзбекистонда, айниқса ёшлар орасида хитой тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани қайд этилди. Тошкент ва Самарқанддаги Конфуций институтининг самарали фаолияти бунга катта ҳисса қўшмоқда. Хитой тилини ўқитишни ва ёш олимлар ўртасидаги алмашинувни кенгайтириш режалари белгилаб олинди.

Ўзбекистон президенти Тошкентда Хитойнинг етакчи Синхуа университети ва Пекин университети филиалларини очишни таклиф қилди.

«Ягона Хитой» сиёсати ҳамда «уч ёвуз куч»га қарши курашиш борасидаги позиция ўзгармас экани тасдиқланди. Учрашувда илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилишга келишиб олинди.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ХХР раисини ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.