Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳолати қанақа? Зўравон қайта жиноят содир этмаслиги, яна бошқа болаларга зиён етказмаслиги учун нималар қилинмоқда ва қинилиши керак? Жабр кўрган, жиноятга гувоҳ бўлиб, руҳиятига зарар етган болаларга қандай ёрдамлар кўрсатилиши керак?

Мазкур саволларга Бош прокуратура Вояга етмаганларга нисбатан қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш масалалари бўйича катта прокурори Лайло Файзимуродова «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тақдимоти давомида сўзлаб берди. Бу ҳақда давра суҳбатида қатнашган «Газета.uz» мухбири маълум қилди.

Зўравонлик вақтида болалар атрофдагиларга қандай муносабатда бўлади?

болаларга зўравонлик, юнисеф

Прокурор зўравонлик содир этилаётган вақтда болалар атрофдагиларга қандай муносабатда бўлишини тушунтириб ўтди:

  • 7 ёшгача бўлган болаларда қўрқув бўлмайди, аксинча катталарга нисбатан ишонч бўлади.
  • 7−15 ёшгача бўлган болаларда ишонч билан бирга итоаткорлик ҳисси кучаяди. Итоаткорлик деганда, улар оиладаги ёки муассасадаги зўравонликка итоат ҳисси билан қарайди. «Мен катталар айтганини қилишим керак. Агарда қилмасам, натижада мана бу омиллар таъсири бўлади», дейди-да, ишонч билан бирга итоаткорлик ҳисси уйғониши натижасида жабрланади.
  • 16−18 ёш болаларда қўрқув ҳисси қўшилади. Қўрқув нимада? Унинг шахсий маълумотлари тарқалишида, шахсий чегаралари бузилишида, унинг шахсий ҳаёти оммага ёки оилада ошкор бўлишида. Юқоридагиларга қўшимча сифатида уни қўрқув қамраб олади. Таҳлилларга кўра, натижада бу тоифа болалар нафақат жиноят ишларида, балки ҳуқуқбузарликка оид ишларда ҳам ўзидан ўтказаётган ҳис-ҳаяжони жабрланишига жуда катта сабаб бўлган.

Болаларга нисбатан зўравонликни кўпроқ кимлар содир этмоқда?

Лайло Файзимуродова шунингдек, Ўзбекистонда болаларга нисбатан (маълум бўлган) зўравонлик қилувчиларнинг тоифасига ҳам тўхталиб ўтди:

78 фоиз ҳолатда — бегоналар томонидан содир этилади.

14 фоизини ота-оналар ёки унинг ўрнини босувчи шахслар — васий, ҳомий, фарзандликка олган шахслар зўравонга айланган.

6 фоизини қариндошлар — ота-онаси ички, ташқи миграцияга кетиб, қонун доирасида васий-ҳомий тайинланмайдиган ёки нотариал тартибда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонун доирасида бажариб кетилмаган тарзда бобо-бувилари қўлида қолган ва жабр кўрганлар.

2 фоизини таълим муассасалари — умумий ўрта таълим, бошланғич таълим, мактабгача таълим, ихтисослаштирилган муассасаларда болаларга нисбатан содир этилган зўравонликлар ташкил этади.

Айнан жабрланган болаларнинг статистик маълумотлари йўқ

Бундан ташқари, Бош прокуратура, ИИВ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Болалар омбудсмани, ҳаттоки ФВВ, ЮНИСEФ ҳамкорлигида болаларни ҳимоя қилиш бўйича идоралараро йўриқнома шакли ишлаб чиқилгани айтилди.

Прокурорнинг таъкидлашича, ушбу йўриқнома ҳамма тарқоқ идоралар ўртасида маълумотлар алмашинувини ташкил қилиш ва тезкор чораларни кўришга ёрдам беради.

«Бизда ҳеч қаерда жабрланувчи болаларнинг статистик маълумотлари йўқ, биз асосан ўша ҳуқуқбузарлик, жиноят содир қилган шахснинг маълумотларига эгамиз. Жабрланувчиларнинг статистик маълумотларини олишда жуда ҳам қийналамиз. Бунда ҳамкорлик доираси айнан жабрланувчилар тоифасини аниқлаш, тезликда ҳаракат қилиш ва ахборотлар алмашинувига олиб келади. Мазкур йўриқномада нафақат зўравонлик масаласи, балки ўша фавқулодда вазиятда болани ҳимоя қилиш — соғлиғини сақлаш, таълимга жалб қилиш, поймол этилган ҳуқуқини тиклаш кабилар белгиланган», — деди Лайло Файзимуродова.

Нафақат жабрланган, балки унга гувоҳ бўлган болалар билан ҳам ишлаш керак

Прокурорнинг сўзларига кўра, мамлакатда фақат жиноят ва ҳуқуқбузарликдан жабр кўрган болаларгина инобатга олинади. Лекин, зўравонликка гувоҳ бўлган болалар билан бирга иш (психологик суҳбат назарда тутилмоқда — таҳр.) олиб борилмайди.

«Биз жиноят ва ҳуқуқбузарликдан жабр кўрган болаларни инобатга оламизу, лекин яна бир контингент болаларни четда қолдирамиз. Бу — воқеага гувоҳ болалар, — дея сўзида давом этди Лайло Файзимуродова. — Зўравонликка гувоҳ бўлган болалар жуда катта аҳамиятга эга. Улар билан ҳам жабр кўрган болалар билан тенг ҳолатда ишлаш керак. Сабаби, агар бола жинсий, жисмоний ёки руҳий зўравонлик таъсирида жабрланган бўлса, гувоҳ болаларда руҳий зўравонлик жуда кучли бўлади. Натижада гувоҳ болалар келажакда ўзидаги қўрқувдан келиб чиқиб, келажакда „мен ҳам шунинг қурбони бўлишим мумкин“ деган тушунчага келиб қолади».

Мутахассиснинг айтишича, гувоҳ бола тенгдошлари орасидаги «буллинг» ёки оиладаги зўравонлик ҳолатига қўшилиб қолишдан, кейинги жабрланувчи у бўлишидан қўрқади ва унинг кейинги ҳаётига бу жуда катта [салбий] таъсир қилади. Бундай болада ўз-ўзидан ёрдам бериш инстинкти йўқолади. Чунки, у биладики, келажакда бунинг натижасида жабрланади.

«Йўриқномада айнан мана шу гувоҳлар масаласи, улар билан қандай ишлаш масаласи ҳам кўрилган. Бу ерда айнан идоралараро сигнал варақасини жорий этиб, нафақат боланинг муаммосини ҳал қилиш, балки унинг оиладаги муҳитини тўғрилаш масаласи кўрсатилган. Бу таклиф тақдим этилиб, ҳозирги кунда кўриб чиқилмоқда ва у тасдиқланса жуда хурсанд бўлардик», — дея қўшимча қилди у.

Зўравон ушбу жиноятни қайта содир этмаслиги жуда муҳим

болаларга зўравонлик, юнисеф

«Ҳеч бир зўравон четда қолиб кетмай, у билан бирга ишланади. Натижада келажакда ўша зўравон томонидан бошқа шахсга, болага нисбатан жиноят содир этмаслиги катта аҳамиятга эга. «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинса, 14 млн нафардан ортиқ боланинг кафолатларини ҳимоя қилган бўламиз», — дейди прокурор.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида вояга етмаганларга нисбатан жамоат тарбиячисини тайинлаш (тьютор, ментор) масаласи ҳам кўтарилгани айтилди. Унда халқаро стандартлар ўрганилган.

«Жиноят процессуал кодексинининг 363-моддасига кўра, жиноят содир этган вояга етмаганга нисбатан мажбурлов чора сифатида жамоат тарбиячиси бириктирилиши белгиланган бўлса, биз бу ерда бош прокуроримиз ташаббуси билан фақат жиноят содир қилган болани эмас, унинг жиноят содир қилишидан олдинги ҳолатини ҳимоя қилишимиз керак. Зўравонга биринчи ким дуч келади? Биринчи навбатда назоратсиз, қаровсиз қолган бола дуч келади. Иккинчи навбатда, оиласи тушунмаётган, биз айтаётган хавф тоифасидаги бола ҳисобланади», — деди Лайло Файзимуродова.

«Ҳозирги кунда республика бўйича 2200 нафар болага жамоат тарбиячиси тайинланган. Жамоат тарбиячиси ким? Бу — шахс камида бола билан 2 йил шуғулланган 30 ёшдан юқори, болага ибрат бўла оладиган одам бўлиши керак. Шунинг ҳисобидан унинг хулқ-атворида ўзгариш бўлганида индивидуал ёндошиб, унинг психологик портретини тузиб, унинг муаммоларини аниқлаб, ҳал қилиши ва уни келажакда зўравонлик қурбони бўлмаслигига ёрдам берувчи шахс бўлиши керак», — дея қўшимча қилди у.

Катта прокурор мамлакатдаги бирорта қонунда айнан болага нисбатан зўравонлик шакллари белгиланмагани, бу қонун билан эса шакллари ҳам белгиланишини айтиб ўтди.

«Хурсандмизки, биронта қонунда айнан қиз бола ёки ўғил бола ажратилмаган. Сабаби, зўравонликда унинг жинсига қаралмайди, ҳар бир фоизда фақат бола ёшига қаралади. Шуни ҳисобга олиб, умумий „бола“ деган сўзининг ўзи жуда муҳим аҳамиятга эга», — деди Лайло Файзимуродова.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шахноза Мирзиёева Ўзбекистонда 9 ой давомида болаларга нисбатан 1240 та зўравонлик ҳолати қайд этилгани, оқибатда 22 бола ҳалок бўлганини маълум қилганди.