3 октябрь куни Европа парламенти аъзолари Европарламентнинг Ташқи ишлар қўмитаси томонидан тайёрланган Ўзбекистон бўйича йирик ҳисоботни муҳокама қилди.

2022 йил июль ойида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокараларни якунлаган эди. У 1996 йилдаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги амалдаги келишув ўрнини босади ва томонлар унинг ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишини кутмоқда. Ҳужжат кучга кириши учун у Европарламент томонидан тасдиқланиши талаб этилади.

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон ҳукумати иқтисодий ўсишни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан мувозанатлаш тарафдори. Ер деградацияси, тупроқнинг шўрланиши, сув сифатининг пасайиши ва сув эрозияси каби экологик муаммолар долзарблигича қолмоқда.

Европа Иттифоқи Ўзбекистонга мўлжалланган кўп йиллик дастурининг (2021−2027) дастлабки тўрт йили (2021−2024) учун 76 млн евро, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш учун 7 млн евро ажратди.

Ҳисоботда айтилишича, Марказий Осиё дунёдаги энг жиддий сув танқислигидан бирига дуч келмоқда ва бу минтақадаги Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан сал кўпигина тоза ичимлик суви билан таъминланган, қишлоқларда сув таъминоти шаҳарлардагидан анча паст. Ўзбекистонда сув ресурсларининг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги, хусусан, интенсив пахта етиштириш ҳисобига истеъмол қилинади. Ўзбекистонни сув билан таъминловчи асосий икки манба — Сирдарё ва Амударёдаги сув оқими 2050 йилга бориб 15 фоизга қисқариши кутилмоқда.

Ҳисоботда 2022 йил июль ойида Қорақалпоғистонда рўй берган, камида 21 киши нинг ўлими, 270 дан ортиқ кишининг яраланишига олиб келган воқеалар эсга олиниб, «қамоққа олинганларнинг қийноқлар ва шафқатсиз муомалалар ҳақидаги хабарлари, шунингдек, совуқ қуроллардан асоссиз фойдаланилгани ва тинч намойишчиларни тарқатишда ҳаддан ташқари қаттиқ чоралар» кўрилгани қайд этилган. Асосий фигурант — адвокат Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга, бошқа бир қатор айбланувчилар ҳам узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилди, дейилади хабарда.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда 10 мингдан ортиқ фуқаролик жамияти ташкилоти фаолият юритаётганини айтади. Бироқ фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳлари ушбу ташкилотларнинг аксарияти аслида ҳукумат томонидан яратилган нодавлат ташкилотлар эканлигини таъкидламоқда, дея қайд этди қўмита.

Хабарда айтилишича, президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилган иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар мамлакатдаги вазиятни босқичма-босқич яхшилашга эришди, бироқ «қўшимча ҳаракатлар зарур», хусусан, Жиноят кодексини қайта кўриб чиқиш ва қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги янги кодекс лойиҳаси (2019 йилдан бери ишлаб чиқилмоқда).

Ўзбекистон Freedom House ташкилотининг 2023 йилги эркинлик рейтингида ва 2022 йилги Интернет эркинлиги индексида «эркин бўлмаган» давлатлар қаторига киритилган. Мамлакат «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг 2023 йилги жаҳон матбуот эркинлиги рейтингида 180 мамлакат ичида 137-ўринни эгаллади. Шунингдек, Ўзбекистон Transparency International ташкилотининг 2022 йилги коррупцияни қабул қилиш индексида 180 мамлакат ичида 126-ўринни эгаллади.

европа иттифоқи, европа парламенти, ўзбекистон бўйича резолюция

Европарламент қўмитаси, шунингдек, 2023 йилги президентлик сайловлари ва конституциявий референдумни қайд этиб, уларда ҳақиқий сиёсий плюрализм ва рақобат бўлмаганини айтди.

Ҳисоботда айтилишича, «инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ жиддий вазият, жумладан қийноқлар ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи жазолар, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ёки қамаш, сиёсий маҳбусларни ҳибсга олиш ва қамаш ҳолатлари ҳақида хабарлар» бор.

Суд ҳокимияти мустақиллиги, коррупция ва йиғилишлар эркинлигининг чекланиши, оммавий ахборот воситалари, жумладан, интернет эркинлиги, шунингдек, журналист ва блогерларнинг қамоқ жазоси кўпайиши билан боғлиқ муаммолар санаб ўтилган.

Ҳисоботда Ўзбекистонга оид бошқа фактлар ҳам келтирилган.

Тавсиялар

Европарламент қўмитаси ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, сифатли давлат бошқаруви, суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларга ҳурмат нуқтаи назаридан мамлакатда реал ютуқларга эришишни мақсад қилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида режалаштирилган улкан ислоҳотларни эътироф этди.

Ҳисоботда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар олқишланади ва расмий органларни Тошкентда бўлиб ўтган коррупцияга қарши кураш бўйича иккинчи халқаро форум хулосаларини инобатга олган ҳолда бу борадаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга чақиради.

Қўмита ислоҳотлар дастурига диний эътиқод эркинлиги ва матбуот эркинлиги кафолатларини, жумладан, эркин ва очиқ оммавий ахборот воситалари ҳамда интернетдан фойдаланишни таъминлашни тавсия қилади; конституциявий ислоҳотлар қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ислоҳотларни мустаҳкам ҳуқуқий асос билан таъминлаш имконияти эканини таъкидлади.

Қўмита 30 апрель куни бўлиб ўтган ва янги Конституцияни тасдиқлаган конституциявий референдум натижаларини эътиборга олди.

У ҳукуматни демократия ва қонун устуворлиги тамойилларига амал қилишга чақирди ва «Ўзбекистонни демократлаштириш жараёнини тезлаштириш кераклигини» таъкидлади.

Ҳукуматга ЕХҲТ/ДИИҲБ сайловларни кузатиш миссияларининг кузатувлари ва хулосаларини ҳисобга олиш тавсия этилади. Гап сиёсий партияларни рўйхатга олишни тартибга солувчи қонунчилик ва маъмурий талабларни қайта кўриб чиқиш, давлат ва партиялар ўртасида аниқ ажратиш, шунингдек, маъмурий ресурсларни суиистеъмол қилганлик учун самарали жазо чораларини жорий этиш ҳақида бормоқда.

Қўмита Ўзбекистонни «бўлажак сайловларда барча демократик номзодларнинг иштирокини таъминлаш ва чинакам плюралистик сиёсий муҳит яратиш учун» сайлов қонунчилигини ислоҳ қилишни давом эттиришга чақирди.

Халқаро савдо қўмитаси Халқаро ишлар қўмитасини резолюцияга қуйидаги таклифларни киритишга чақирди:

  • ҳукуматни болалар меҳнати тўғрисидаги маълумотларни барча манфаатдор томонлар учун шаффофроқ қилишга ҳамда мажбурий меҳнат, болалар меҳнати ва эксплуатацияси масалалари билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказишга рухсат беришга чақириш;
  • шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, шунингдек, пахта секторидаги барча тармоқларга тараққиёт ютуқларини олиб кириш учун фуқаролик жамияти имкониятларини кенгайтирувчи ҳамда салмоқли институтларни яратувчи кенгроқ ислоҳотларни амалга оширишга чақириш;
  • Ўзбекистон ҳозирги геосиёсий вазиятда ҳукуматнинг Россияга иқтисодий ва савдо қарамлигини бартараф этишга уриниши ва европалик ҳамкорлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилаётгани билан боғлиқ қийинчиликларни қайд этади;
  • Ўзбекистон Россияга Европа Иттифоқининг савдо санкцияларини четлаб ўтишда ёрдам бериши мумкинлиги хавфига эътибор қаратади, вазиятни диққат билан кузатишга чақиради;
  • Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишни рағбатлантирадиган ва жуда ижобий натижалар берадиган GSP+ умумий имтиёзлар тизимига аъзолиги муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди;
  • ва бошқа таклифлар.

Дебатлар

Илхан КючукИлхан Кючук

Қўмита ҳисоботидан сўнг баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Ҳисоботни тайёрлаган Болгариянинг Европа Парламенти аъзоси (ДПС партияси) Илхан Кючук ушбу ҳужжатнинг Европа Иттифоқи учун аҳамиятини тушунтирди.

«Мен сизга жавоб бераман: бу Украинадаги урушдан кейин Марказий Осиё билан муносабатларимиз кескин ўзгаргани ва ушбу муносабатлар ЕИ ташқи сиёсатидаги муҳим стратегик босқич бўлгани учун. Минтақага ташрифлар сони мисли кўрилмаган даражада ва шунинг ўзи кўп нарсадан дарак беради… Украинадаги уруш бизга ўз қадриятларимиз ва манфаатларимизни ҳимоя қила олишимиз ҳамда минтақавий интеграция сув хавфсизлиги, рақамли хавфсизлик, таъминот занжирлари, коммуникациялар, муҳим хом ашё ва атроф-муҳит учун — буларнинг барчаси Ўзбекистон ва Марказий Осиё контекстида муҳим аҳамиятга эга — ҳамфикр, янги ва мустақил шериклик излашимиз кераклигини кўрсатди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Марказий Осиё қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш учун зарур бўлган фойдали қазилмаларга бой. «Мавжуд таъминот занжири инфратузилмаси ва бошқа ҳудудларга нисбатан пастроқ даражадаги можарога эга бўлган, юқори малакали ва ўқимишли минтақадир. Улар, шунингдек, Россиядан ажралиб, ЕИ ва уларнинг минтақавий қўшнилари билан янги ва тенг ҳуқуқли муносабатлар ўрнатишга интилаётган постсовет давлатлари гуруҳининг бир қисмидир», — деди Европарламент депутати.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон жиддий инсон ҳуқуқлари бузилишларига дучор бўлишда давом этмоқда, Европа Иттифоқи делегациялари хулосалари, шунингдек, халқаро ва маҳаллий фуқаролик жамиятининг баҳолашлари ва ҳисоботлари инобатга олинса, бу яққол намоён бўлади.

«Тилга олиш лозим бўлган энг долзарб масала шундан иборатки, фуқаролик жамиятини рўйхатга олиш олдиндан рад этувчи ва қийинлигича қолмоқда, айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати фуқаролик жамиятини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва рўйхатга олишни яхшилаш бўйича астойдил ҳаракат қилиши ҳамда [бу ҳолатни] яқиндан кузатиб бориши керак. Бу нафақат ЕИ билан муносабатларнинг асосий таркибий қисми, балки меҳнат, атроф-муҳит ва инсон ҳуқуқлари ЕИнинг хусусий секторга бщл-уси инвестициялари ҳамда ЕИнинг тегишли қонунчилиги доирасида бутун минтақа бўйича таъминот занжири учун зарур шартдир», — деди Илхан Кючук.

Депутат ушбу муаммоларга қарамай, Ўзбекистон худди шу вақт ичида кўпчилик мамлакатларга қараганда анча илгарилаб кетганини таъкидлади.

Маргаритис Схинас.Маргаритис Схинас.

Европа комиссия президентининг грециялик ўринбосари Маргаритис Схинас Европа Иттифоқи 2021 йилда дуч келган»Беларусь режими миграциядан восита сифатида фойдаланган" инқироз даврида Ўзбекистоннинг позициясини шахсан баҳолаш имкониятига эга эканлигини таъкидлади.

«Ва мен Ўзбекистон президенти ҳамда ҳукуматининг Европага зарур пайтда ёрдам беришга содиқлигини қадрлаш имконига эга бўлдим», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ЕИ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш аризасини қўллаб-қувватлайди. «Биз, шунингдек, мамлакатнинг Россия билан анъанавий алоқаларини ҳисобга олган ҳолда Россиянинг Украинага бостириб киришига нисбатан «мувозанатли, нейтрал позиция»сини ҳам қайд этамиз», — деди депутат.

Маргаритис Схинас Европа Комиссияси Россияга қарши халқаро санкцияларни четлаб ўтиш бўйича «биз учун нозик ва ўта муҳим масала»ни ҳал этишда Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади. «Мамлакат бу борада ўз халқаро мажбуриятларини адо этиши ҳамда ўз президентининг сўзини бажариши, аниқроқ айтганда эса иёсий ислоҳотларни амалга ошириш, сўз ва йиғилишлар эркинлигини кафолатлаш учун ҳали қандайдир йўлни босиб ўтиши керак», — деди у.

Европарламент депутатининг қайд этишича, Евроиттифоқ вакиллари бу масалаларни Ўзбекистон олдига ҳар бир имконият бўлиши билан ва барча даражаларда кўтармоқда.

«Инсон ҳуқуқлари ва демократия янги келишувимизнинг асосий элементлари ва, албатта, GSP+ асосидир. Ўзбекистонга яқинлашар эканмиз, ҳамкорларимиз ўз ваъдаларини бажариши ва ислоҳотларнинг кенг йўлини давом эттириши учун мулоқотимизни кучайтириб бораверамиз», — деди Схинас.

Виола фон Крамон-Таубадель.Виола фон Крамон-Таубадель.

Европарламентнинг германиялик депутати Виола фон Крамон-Таубаделнинг таъкидлашича, ёш, меҳнаткаш аҳолиси, табиий ресурслари ва бой тарихи билан Ўзбекистон «Марказий Осиёдаги муваффақиятлар тарихига айланиш учун зарур бўлган барча нарсага эга».

«Аммо унинг аҳолиси қийинчиликларга дуч келмоқда, ресурслари ва ерлари камайиб бормоқда, Хитой ва Россия — унинг автократик қўшнилари — [Ўзбекистонни] ўзларининг шахсий ўйин майдончаларига айлантирди. Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилишига кўз юмиб, савдони кенгайтиришга қарор қила олмайди», — деди у.

Пахта далаларида меҳнат шароитлари яхшиланмоқда ва болалар меҳнати асосан тақиқланган, деди у, аммо «ҳали олдинда узоқ йўл бор».

«Сув ресурсларидан самарасиз фойдаланилмоқда, шаҳарлар заҳарли чангга ботган, мамлакат қисман чўлга айланмоқда. Бу жараёнлар ортга қайтарилмаса, Ўзбекистоннинг 35 миллиондан ортиқ аҳолисини экологик ҳалокат кутмоқда», — дея огоҳлантирди у.

Виола фон Крамон-Таубаделнинг фикрича, Европа Иттифоқи билан алоқаларни кенгайтириш Ўзбекистонни ЕИга сезиларли даражада яқинлаштиради. «Унинг халқи Хитой ва Россиянинг демократик муқобиллига лойиқдир. Европа Иттифоқи одамлар ҳаётини яхшилаш ва унинг ноёб экотизимини ҳимоя қилиш учун кўпроқ иш қилиш мақсадида Марказий Осиёда кўпроқ иштирок этиши керак», — деди Европарламент депутати.

Тьерри Мариани.Тьерри Мариани.

Франциялик Европарламент депутати Тьерри Марианининг фикрича, Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам Европа учун муҳим давлат, чунки унинг иқтисодиёти ривожланиши, радикализмга қарши қатъий кураш ва Афғонистон билан конструктив алоқалар «уни минтақадаги ҳал қилувчи давлатга айлантирмоқда».

«Ҳисоботда таъкидланганидек, Тошкент билан муносабатларимизни чуқурлаштириш ва фаоллаштиришни давом эттириш зарурати мавжуд. Бироқ ақлли ўйинчидек ҳаракат қилиш ҳам муҳим. Хитой ёки Россияга қарши чиқиш учун минтақага сармоя киритишни тарғиб қилаётганлар такаббурлик ва кўр-кўрона ҳаракат қилмоқда. Марказий Осиё кўп қутбли дунёнинг пайдо бўлиши учун намунавий зона бўлиб, ўзбек институтларининг суверенитети ва яхлитлигига тўлиқ ҳурмат билан муносабатда бўлиш мақсадга мувофиқдир. Шу муносабат билан яна бир бор афсусланаманки, резолюция моддаларининг учдан бир қисми 1991 йилда мустақилликка эришган давлатга демократия сабоқларидан иборат», — деди у.

Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг тараққиёти минтақадаги барча жиддий кузатувчилар томонидан эътироф этилмоқда ва янада рағбатлантиришга лойиқ.

Европа Комиссияси вице-президенти Маргаритис Схинас мунозарани якунлар экан, «Македониялик юнон сифатида ўзимни Ўзбекистонга нисбатан алоҳида таъсирчан ҳис қиламан, чунки ватандошим Александр Македонский кўп асрлар муқаддам мазкур мамлакатга етиб борган ва у ерда ишлаб чиқариш ва маданиятга кўплаб сармоялар киритган».

«Ўзбекистон халқи ҳалигача [Искандар Македонский]ни эзгулик кучи сифатида ҳурмат қилади ва ундан ҳайратланади. Улар ҳали ҳам „Искандар“, бу — эзгулик кучи деб ҳисоблайдилар. Европа Иттифоқи бугунги кунимизда ҳам Ўзбекистон учун эзгулик кучи сифатида қолади ва мамлакатнинг ҳам минтақавий, ҳам халқаро ҳамкор ўлароқ аҳамияти ортиб бораётганини тан олади. Шу билан бирга, Ўзбекистондан юқори стандартларни талаб қилиш ҳамда дўстлар сингари мавжуд камчиликлар ҳақида очиқ гапиришдан тортинмаймиз», — деди у.

4 октябрь куни Европарламент Ўзбекистон бўйича резолюция қабул қилди.