10 март куни Тошкентда Европа Иттифоқининг Ўзбекистон учун 2021−2027 йилларга мўлжалланган янги кўп йиллик индикатив дастурини ишга туширишга бағишланган конференция бўлиб ўтди.

Иштирокчиларга бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайнен видеомурожаат билан чиқди.

Еврокомиссар, хусусан, жорий йилнинг июль ойида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқининг ўзаро боғлиқлиги бўйича конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштираётганини айтди. Анжуманда Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелнинг ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Тадбирда инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Обидов ва Европа Иттифоқи элчиси Шарлотта Адриан иштирок этди.

Тадбир давомида 2021−2027 йилларга мўлжалланган навбатдаги дастур цикли доирасида Еврокомиссия билан икки томонлама молиявий ва техник ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.

Янги индикатив дастур 2021−2024 йиллар учун 83 млн евро, шу жумладан техник ёрдам ва бюджетни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳа ва дастурларга 76 млн евро, шунингдек фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича фаолиятни қўллаб-қувватлаш учун 7 млн евро ажратади.

Томонлар қишлоқ хўжалиги ва яшил ўсишни қўллаб-қувватлаш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва рақамлаштириш, жумладан, суд-ҳуқуқ ва транспорт-логистика тизимлари, сармоявий муҳитни яхшилаш, шунингдек, Орол денгизи минтақасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича лойиҳа ва тадбирларни амалга оширишни муҳокама қилдилар.

Индикатив дастур ислоҳот Европа қадриятларига мос келувчи ислоҳотлар, шу жумладан GSP+ доирасидаги мажбуриятларни амалга ошириш ва мониторинг қилиш учун туртки берадиган учта асосий йўналишга асосий эътиборни қаратади:

  • Демократик бошқарув, қонун устуворлиги ва давлат хизматлари сифатини ошириш соҳасидаги ҳукумат ислоҳотларини қўллаб-қувватловчи самарали давлат бошқаруви ва рақамли трансформация (молиялашнинг 17 фоизи).
  • Инклюзив, рақамли ва яшил ўсиш, бунда асосий урғу рақамли «яшил» ўтиш, иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишни қўллаб-қувватлашга қаратилади; табиий ресурсларни (жумладан сув тақчиллигида) барқарор бошқариш ҳамда рақамли саводхонлик, бозорга йўналтирилган «яшил» ўтиш жараёнида илм-фан ва технологияларни қўллашни кучайтириш йўли билан «яшил» ишчи ўринларни ташкил этиш мумкин бўлган инвестициялар ва муҳитнинг гендер жиҳатларни рағбатлантириш (молиялаштиришнинг 40 фоизи).
  • Қишлоқларнинг турмуш шароитини яхшилаш ҳамда миллий озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланишни яхшилаш учун ақлли, яшил ва барқарор ёндашувларни қўллаш учун агроозиқ-овқат секторини модернизация қилиш (молиялашнинг 36 фоизи).

Гендер тенглиги, инсон ҳуқуқлари, рақамлаштириш, ёшлар ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик соҳасидаги дастурлар (молиялашнинг 7 фоизи) алоҳида фаолият сифатида ишлаб чиқилган ва бутун индикатив дастур доирасида муҳим аҳамиятга эга, дейилади ЕИ материалида.