«Чегара билмас мухбирлар» (Reporters Without Borders) халқаро нодавлат ташкилоти томонидан эълон қилинган матбуот эркинлиги бўйича янги рейтингда Ўзбекистон 180 та давлат ичида 137-ўринни эгаллади. Мамлакат 2022 йилги рейтингдаги ўрнидан бирданига тўрт поғона пастлади.

«2016 йилда президент Ислом Каримов вафотидан сўнг [ўзбек] матбуотидаги вазият бироз яхшиланди, лекин ҳукуматни танқид қилиш муаммолигича қолмоқда», — дейилади ташкилот ҳисоботида.

Унда айтилишича, Ўзбекистон расмийлари оммавий ахборот воситалари ва ҳукумат билан яқин алоқада бўлган қатор блогерларни «сезиларли даражада» назорат қилади. Мамлакатда оммавий ахборот воситаларига оид репрессив қонунлар ва кенг тарқалган кузатув, цензура ва ўзини ўзи цензура қилиш каби ҳолатлар мавжуд.

Экспертлар блогер Отабек Сатторий иши ва 2022 йил ёзида Нукусдаги намойишларни ёритган журналистларга нисбатан бўлган босимни ҳам тилга олган. Сатторий 2021 йил май ойида туҳмат ва товламачиликда айбдор деб топилиб, 6,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Блогернинг ўзи судда айбини тан олмаган. Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти унга қўйилган айбловларни «шубҳали», суд қарорини эса «Ўзбекистонда сўз эркинлигига зарба» деб атаган.

Марказий Осиё мамлакатларида матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият сезиларли даражада ёмонлашган. Қирғизистон рейтингда 50 поғона пастга — 72-ўриндан 122-ўринга тушган. Бу минтақа давлатлари орасида энг кескин пасайишдир.

Қозоғистон ўтган йилга нисбатан 12 поғона пастлаб, 134-ўринни эгаллади. Тожикистон 153-ўринда жойлашган — яъни мамлакатда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият «қийин»дан «жуда қийин» босқичга ўтган.

Туркманистон 176-ўринни эгаллаб, индексдаги энг ёмон беш давлат қаторидан жой олган. «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг қайд этишича, Туркманистонда 2022 йил мартида Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов ҳокимият тепасига келганидан сўнг цензура кучайган.

Россия эса рейтингда тўққиз поғона пастга тушиб, 164-ўринни эгаллаган. Ҳисоботда айтилишича, Россия 2022 йил февралида Украинага кенг масштабли босқинчилигидан буён деярли барча мустақил оммавий ахборот воситаларини тақиқлаган ёки блоклаган, қолган нашрлар эса ҳарбий цензурага учрамоқда.

Ҳозирда ҳарбий ҳолат ҳукм сураётган Украинада матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият, аксинча, яхшиланди — бир йил ичида мамлакат рейтингда 106-ўриндан 79-ўринга кўтарилди. Ташкилотнинг таъкидлашича, Украина оммавий ахборот воситалари «Кремль тарғиботининг тарқалишига қаршилик кўрсатишда биринчи сафда бормоқда».

Норвегия кетма-кет еттинчи марта рейтингда пешқадамлик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларни Ирландия, Дания, Швеция ва Финляндия эгаллаган.

Шимолий Корея рейтингни якунлаб берган. Сўнгги ўринда Хитой (179) жойлашган бўлиб, ҳисобот тузувчилар уни «журналистлар учун дунёдаги энг катта қамоқхона» деб аташади. Ҳозирда камида 100 нафар хитойлик оммавий ахборот воситалари ходимлари касбий фаолияти билан боғлиқ ҳолда қамоқда сақланмоқда.

Рейтингга киритилган жами 180 та давлат ва ҳудуддан 31 тасида матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият «жуда қийин» босқичда қолмоқда.