Ўзбекистонда 9 июль куни бўлиб ўтган муддатидан олдинги президентлик сайловига «техник жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрилган», аммо «ҳақиқий рақобат»дан холи бўлган. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ЕХҲТ ДИИҲБ) халқаро кузатувчилари томонидан шундай баҳо берилди.

ДИИҲБ сайловни кузатишни 7 июнда бошлади ва бу ишни 18 июлда якунлайди. 10 июль куни миссия вакиллари ўзларининг дастлабки хулосаларини тақдим этди. Урсула Гацек бошчилигидаги миссия Тошкентдаги 16 нафар эксперт ва ҳудудлардаги 24 нафар узоқ муддатли кузатувчидан иборат бўлди. Сайлов куни ЕХҲТга аъзо 26 давлатдан яна 198 нафар кузатувчи жалб этилди.

«Рўйхатга олинган барча номзодлар сайловолди ташвиқотини эркин олиб бориш имкониятига эга бўлдилар, уларда сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаш ва тарқатиш, тадбирлар ўтказиш ва давлат маблағларидан фойдаланиш учун тенг шароитлар яратилди», — деди Урсула Гацек Тошкентдаги матбуот анжуманида.

Бироқ, кузатувчиларга кўра, сайловолди ташвиқоти «суст кечган» ва сайловолди ташвиқоти учрашувлари «кўпинча уюштирилган кўринишга эга бўлган». Гацек, шунингдек, номзодлар «муқобил сиёсий қарашлар» билдирмаганини қўшимча қилди.

«Албатта, [кампания] билбордларда кўринди ва [ташвиқот] материаллари тарқалди, лекин… конструктив танқид ва турли нуқтаи назарларни муҳокама қилиш жонли кампанияга хос хусусиятдир», — деди Гацек.

Миссиянинг таъкидлашича, қонун талабларига кўра, барча номзодларга давлат ОАВларида бепул эфир вақти тақдим этилган, бироқ ёритиш кампанияси «чекланган», амалдаги президент эса «янгиликларда номутаносиб равишда кўпроқ ёритилган».

ОАВда «таҳлилий ҳисоботларнинг бўлмагани, ДИИҲБнинг таъкидлашича, ўз навбатида, сайловчиларнинг «онгли танлов қилишига» тўсқинлик қилган.

Сайлов кунининг ўзи, ДИИҲБ кузатувчиларининг қайд этишича, «сокинлик билан ўтди», бироқ оз миқдордаги сайлов участкаларида овоз бериш жараёни «салбий» баҳоланди. Миссия томонидан қайд этилган «жиддий қонунбузарликлар» қаторида қўшимча рўйхатларга кўп сонли сайловчиларнинг тегишли ҳимоя чораларисиз қўшилгани, сайловчиларнинг шахсини тасдиқламасдан овоз беришга рухсат берилгани, шунингдек, (оила аъзолари номидан) ишонч асосида ва махфийлигига риоя қилинмаган ҳолда овоз бериш кабилар қайд этилган.

Бундан ташқари, айрим сайлов участкаларида кузатувчилар «[кўп миқдордаги] сайлов бюллетенларини ташлаш белгилари» ва «сайловчилар рўйхатларида ўхшаш кўринишдаги имзоларнинг кўплиги»ни қайд этган.

Миссия, шунингдек, овозларни санаб чиқиш ва натижаларни чиқариш жараёнлари «хавотир уйғотади», сайловчилар сони билан сайловчиларнинг расмий дастлабки маълумотлари ўртасида эса «тафовут» мавжуд деб ҳисоблайди.

Миссия раҳбари Ўзбекистонда қонунчилик соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ДИИҲБнинг аввалги тавсияларининг бир қисми инобатга олинганини, гарчи демократик жараёнлар учун калит бўлган тавсиялар «ҳалигача қонунчиликда ўз аксини топмаганини» таъкидлади.

Урсула Гацекнинг аниқлик киритишича, ДИИҲБ тавсиялари «мажбурий эмас»лиги ва уларнинг бажарилиши кузатувчилар таклиф этилаётган ЕХҲТ иштирокчи-давлатига боғлиқлиги, улардан қайси бири «энг фойдали» эканини ўзи танлайди.

«Биз ҳеч кимга режа ёки аниқ йўл харитасини бермаймиз. Биз фақат умумий йўналиш бўйича сигнал юборяпмиз», — деди миссия раҳбари.

ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг дастлабки хулосалари ҳисоботини тўлиқ ҳолда бу ерда танишиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, шу куни эрталаб Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти вакиллари «Америка овози» журналистининг сайловларга, ДИИҲБ ва МСКга баҳо беришдаги жиддий фарқлар ҳақидаги саволларига жавоб қайтарар экан, Ўзбекистон маъқул деб ҳисоблаган ДИИҲБ тавсиялари қонунчиликка босқичма-босқич киритилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, «Ўзбекистоннинг қонунчилик тизимининг ўзига хос хусусиятлари, ўзига хос сиёсий ва ҳуқуқий маданияти борлиги» қайд этилди.

МДҲ кузатувчилари миссияси, ўз навбатида, «сайлов муқобиллик асосида, шаффоф, очиқ, адолатли ва демократик тамойилларга мос равишда ўтганини» қайд этди.