Президент Шавкат Мирзиёев 4 октябрь куни «Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб республика, вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан 3 бараваригача, вилоят нодавлат нотижорат ташкилотлари учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 1 бараваригача пасайтирилади.

Худди шу санадан бошлаб фаолиятини туман (шаҳар), шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган нодавлат нотижорат ташкилотини давлат рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланди.

Ҳужжатда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга давлат грантлари, субсидиялар ва ижтимоий буюртма шаклидаги маблағлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети, шунингдек, туман ва шаҳарлар бюджетларининг харажатларига қўшилиши белгиланди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекси лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилади. Кодекс лойиҳаси 2020 йил 1 февралига қадар Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозим.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан биргаликда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тўлов асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини мунтазам равишда ташкил этилади.