Таниқли эронлик ҳуқуқ фаоли Наргес Муҳаммади 2023 йилги тинчлик бўйича Нобель мукофотини «Эронда аёлларга нисбатан зулмга қарши кураши ва барча учун инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тарғиб қилгани» учун қўлга киритди. Бу ҳақда Швеция Қироллик Фанлар академияси Нобель қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

«Жасоратли кураши унга қимматга тушди. Умуман олганда, режим уни 13 марта ҳибсга олди, беш марта айбдор деб топди ва жами 31 йил қамоқ ва 154 дарра уришга ҳукм қилди. У ҳамон қамоқда», — дейилади хабарда.

«Наргес Муҳаммади — аёл, ҳуқуқ фаоли ва озодлик курашчиси. Нобель қўмитаси бу йил унга тинчлик бўйича Нобель мукофотини бериш орқали унинг Эронда инсон ҳуқуқлари, эркинлик ва демократия учун қилган жасоратли курашини шарафлашни истайди», — дейилади баёнотда.

Қўмитанинг қўшимча қилишича, тинчлик мукофоти, шунингдек, ўтган йили Эрон теократик режимининг аёлларга нисбатан зулм сиёсатига қарши чиққан юз минглаб одамларни тақдирлайди.

Наргес Муҳаммади Эрон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари марказининг вице-президенти сифатида мамлакатда ўлим жазосини босқичма-босқич бекор қилиш тарафдори бўлган. 2021 йилда Эрон ҳукумати уни «давлатга қарши ташвиқот» учун 2,5 йил қамоқ ва 80 дарра уришга ҳукм қилди.

Аввалроқ тиббиёт, физика, кимё ва адабиёт бўйича Нобель мукофоти лауреатлари маълум бўлган эди.