2023 йилги кимё бўйича Нобель мукофоти совриндорлари Мунги Бавенди (Массачусетс технология институти), Луис Брюс (Колумбия университети) ва Алексей Экимов (Nanocrystals Technology Inc. компанияси) бўлди. Бу ҳақда Швеция Фанлар академияси Нобель қўмитаси хабар берди.

Олимларга мукофот квант нуқталарини кашф этгани ва синтез қилгани учун берилди. «Зарралар шунчалик кичикки, ўлчамлари уларнинг хусусиятларини белгилайди», деб қайд этди қўмита.

«Ушбу кичик нанотехнология компонентлари [квант нуқталари] энди телевизорлар ва LED лампалардаги ёруғликни тарқатади ва жарроҳларга бошқа нарсалар қатори ўсимта тўқимасини олиб ташлашда ҳам ёрдам беради», — дейилади ҳисоботда.

«Бир-биридан мустақил равишда Экимов ва Брюс квант нуқталарини яратишга муваффақ бўлган ва Бавенди кимёвий ишлаб чиқаришда инқилоб қилган», — дея тушунтирди қўмита.

Лауреатларнинг исмлари расмий эълон қилинишидан бир неча соат олдин Швеция оммавий ахборот воситалари уларни эълон қилди. Мамлакат Фанлар академияси уларга хато пресс-релизни муддатидан олдин юборган. Академиянинг қайд этишича, лауреатлар бўйича ҳали қарор қабул қилинмаган, бироқ ёпиқ овоз беришдан сўнг қўмита айнан ўша олимларнинг исмларини айтиб ўтган.

Кимё бўйича 2022 йилги Нобель мукофоти америкалик олимлар Каролин Бертоцци ва Барри Шарплесс, шунингдек, даниялик олим Дейн Мортен Мелдалга клик кимёси ва биоортогонал кимё усулларини ишлаб чиққанлиги учун топширилганди.