1 ноябрдан маиший истеъмолчиларга 1000 кВтдан кўп электр энергия истеъмоли учун белгиланган тарифга нисбатан 4 баробаргача ўсувчи коэффициент қўлланилади. Бу ҳукуматнинг 2018 йил 12 январдаги [22-сон] электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибига оид қарорига киритилган ўзгартиришларда акс этган.

Унга кўра, амалдаги тариф 295 сўмлигича қолмоқда, фақат кўпроқ электр сарфлаган аҳоли кўпроқ тўлов қилиши белгилаб берилмоқда.

тарифлар, электр энергияси

Бироқ, 1 ноябрдан кучга кирадиган мазкур қарорнинг 63−3-бандига киритилган ўзгартириш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори матни омма учун эълон қилинмади. У ҳаттоки, Қонунчилик маълумотлари миллий базаси — Lex.uz`га ҳам жойланмаган.

тарифлар, электр энергияси

Янги тартибга кўра, электр энергиясининг қуввати ўртача ойлик истеъмол миқдоридан ошиб кетган III гуруҳ истеъмолчилари, яъни маиший истеъмолчиларга:

  • 1 001 дан 5 000 кВт соатгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 2 баробар (амалдаги тариф 295 сўм, икки баравари 590 сўм);
  • 5 001 дан 10 000 кВт соатгача истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 3 баробар (885 сўм);
  • 10 000 кВт соатдан юқори истеъмол учун белгиланган тарифга нисбатан 4 баробар (1180 сўм) ўсувчи коэффициент қўлланилади.

Ушбу тариф гуруҳи бўйича аҳоли томонидан турмуш эҳтиёжлари учун уй-жойларда, хонадонларда, ётоқхоналарда, ёрдамчи хўжаликларда, шахсий фойдаланиладиган томорқа боғ объектларида, шу жумладан боғ ширкатлари ва дала ҳовлилар суғориш насослари, шахсий автомашиналар учун гаражларда сарфланадиган электр энергияси ҳақи ток қабул қилгичларнинг қуввати ҳамда ҳисобга олиш асбобларининг ўрнатилган жойидан қатъий назар, тўланади.

Шунингдек, ташқи реклама объекти (конструкцияси) (видео-экранлар, электрон дисплейлар, медиа фасад ва бошқа техник воситалар) учун фойдаланилган электр энергиясига тўловлар тегишли тариф гуруҳига асосан белгиланган тарифга нисбатан 3 баробар ўсувчи коэффициентга мувофиқ амалга оширилади.

Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев ўсувчан коэффициент аҳоли истеъмолчиларининг 98 фоизига мутлақо таъсир қилмаслигини таъкидлади.

«Чунки мамлакатимиздаги 7 миллион 589 мингдан зиёд абонентнинг атиги 146 мингдан ортиғи 1000 киловатт/соатдан кўп электр энергияси ёқади холос. Уларнинг атиги 10 минг нафаригина ойига 5 минг киловатт/соатдан ошиқ, бор-йўғи, 4 мингдан ортиқ истеъмолчи эса ойига 10 минг киловатт/соатдан зиёд электр энергияси истеъмол қилади», — деб ёзди у.

Унинг айтишича, одамларда тежамкорлик кайфиятини кучайтириш ҳамда «яширин иқтисодиёт» унсурларига барҳам бериш учун қўшимча ўсувчан коэффициент қўлланилиши назарда тутилмоқда.

Бир ойда 1000 киловатт/соатгача электр энергияси сарфлаган одам бунинг учун белгиланган тариф нархида — 295 сўмдан тўлайди. 1001 киловатт/соатдан 5000 киловатт/соатгача сарфласа, 1000 киловатт/соат учун 295 сўмдан, қолган истеъмол учун эса 590 сўмдан тўлайди.

«Ўсувчан коэффициентгача бир ойда 9420 киловатт/соат сарфлаган истеъмолчи бунга 2 миллион 778 минг 900 сўм тўларди. Яъни у бир ойда 6 миллион 358 минг 500 сўм шартли субсидия олгани ҳолда, аҳолининг қолган 98 фоиз қисмидан кўра бир неча ўн карра кўпроқ электр энергиясини истеъмол қиларди. 1 ноябрдан кейин бунга чек қўйилади», — дейди Энергетика вазирлиги матбуот котиби.

Энергия бозорини либераллаштириш ҳаракати

Ўзбекистонда газ ва электр энергиясига тарифлар охирги марта 2019 йил август ойида оширилган эди. Энергия ресурслари бўйича нархларни либераллаштириш ва энергетика соҳасини ислоҳ қилиш ишлари бир неча бор ортга сурилган.

Ҳукумат 2020 йилнинг февраль-март ойларида электр энергияси ва газ тарифларини оширишни режалаштирган эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли бу чорани кейинга қолдирган. 2020 йил октябрь ойида «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Мустафоев президент томонидан 2021−2022 йилларда электр энергияси тарифларини оширмаслик вазифаси қўйилгани ҳақида маълум қилганди.

Биз 2022 йил май ойида Ўзбекистонда 7,3 миллион абонент электр энергияси истеъмол қилиши, уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт/соатгача электр энергиясини сарфлаши ҳақида ёзгандик. Ваҳоланки, бу уй хўжаликлари аҳоли томонидан истеъмол қилинадиган умумий электр энергиясининг атиги 31 фоизини (5,7 миллиард кВт/соат) ташкил этади.

4 миллион газ абонентининг 85 фоизи ойига ўртача 500 куб метргача газ истеъмол қилади. Шу билан бирга, улар аҳоли умумий истеъмолининг атиги 35 фоизини (4,5 миллиард куб метр) ташкил қилади.

Ҳукумат 2022 йил 15 июлдан энергия истеъмолининг ижтимоий нормасини жорий этишни ва лимитларни жорий қилишни режалаштирган эди, чунки кўпроқ истеъмол қилганлар давлат субсидияларининг катта қисмини олади, бироқ кейинчалик бу борадаги қарор кейинга қолдирилган.

Ўтган йил охирида президент аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаган ҳолда энергия ресурсларига бозор нархларини жорий этиш зарурлигини таъкидлаганди.

Февраль ойида Марказий банк раҳбари ўринбосари Беҳзод Ҳамроев май ойида электр энергияси ва газ нархларининг либераллаштирилиши кутилаётгани ҳақида хабар берганди. Март ойи охирида иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов 2023 йилда энергия ресурслари учун тарифларни ошириш режалаштирилмагани, бироқ бу масала муҳокама қилинаётганини айтган.

16 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси 1 октябрдан йирик корхоналар, бюджет ташкилотлари, компаниялар ва бошқа юридик шахслар учун электр энергияси ва газ нархлари оширилиши бўйича қарор қабул қилди. Ўшанда тарифлар аҳоли учун ўзгаришсиз қолганди.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон энергетика соҳасидаги жорий нарх сиёсати камбағалларнинг қашшоқлашишига, бойларнинг бойиб кетишига олиб келмоқда. Энергетика компанияларига бозордан ташқари нархларни қўллаб-қувватлаш учун берилган миллиардлаб долларлик субсидиялар бойлар учун кўпроқ фойдалидир, деган у.