Шавкат Мирзиёев 10 май куни қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш, ерлардан самарали фойдаланиш ва соҳани илмий ривожлантиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳада унинг матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда келтирилишича, Ўзбекистондаги 3 млн гектар яйлов ва экин ерлари деградацияга учраган, 2 млн гектарга яқини турли даражада шўрланган.

Хорижий экспертлар иқлим ўзгариши сабабли 2030 йилга бориб минтақада сув ресурслари қарийб 6 фоизга қисқаришини айтмоқда. Тадбирда бунинг чораларини ҳозирдан кўриш зарурлиги таъкидланди.

«Шу боис қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига мослашиш ва соҳанинг иқлимга салбий таъсирини юмшатиш бўйича 52 банддан иборат миллий дастур ишлаб чиқилди. Дастур доирасидаги чора-тадбирларга 294 млн доллардан ортиқ грант маблағлари жалб қилиш назарда тутилган», дейилади хабарда.

Жумладан, Оролбўйида 1 млн гектардаги агроэкологик ландшафтлар ҳамда деградацияга учраган яйловлар ҳолати яхшиланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида иҳотазорлар барпо қилинади. Сув таъминоти оғир ерларда қизилмия, наъматак, кунжут, артемия етиштириш йўлга қўйилади.

президент, қишлоқ хўжалиги, иқлим ўзгариши

Бундан ташқари, иқлим ўзгаришини таҳлил ва башорат қилиш бўйича марказ тузилиб, 5 та вилоятда агрометеорология станциялари ўрнатилади. Шунингдек, Италия билан ҳамкорликда Интенсив уруғчилик ва кўчатчилик халқаро маркази, шўрга ва сувсизликка чидамли экинлар бўйича уруғчилик хўжалиги ташкил этилади.

Сувни тежаш масаласи, айниқса, Амударёнинг қуйи минтақасида долзарб. Шу боис, яна бир ҳужжатга кўра, Қорақалпоғистонда ерни лазерли текислаш харажатлари учун субсидия ажратиш режалаштирилмоқда. Яъни пахта, бошоқли дон ва шоли етиштирувчиларга лазерли текисланган ҳар бир гектар майдонга сарфланган ёқилғи-мойлаш материаллари харажати 100 фоизгача қисмини қоплаш учун давлат бюджетидан субсидия берилади.

Биринчи босқичда бу Тўрткўл, Беруний ва Амударё туманларида амалга оширилади. Бундай майдонларда ҳосилдорлик ўртача 5−7 центнерга ошади ва сув сарфи 15−20 фоиз тежалади.

президент, қишлоқ хўжалиги, иқлим ўзгариши

Йиғилишда академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтининг ер майдонларидан самарали фойдаланиш режалари ҳам баён қилинди.

Хусусан, институтнинг Бандихон илмий-тажриба станциясидаги 142 гектар ер қайтадан фойдаланишга киритилади. 300 гектар майдонда сув тежайдиган замонавий технологиялар ўрнатилиб, экспортбоп мева ва узумзорлар барпо этилади.

Қизилтепа туманидаги Навоий илмий-тажриба станциясида узум кўчатчилиги бўйича тажриба хўжалиги ташкил этилиб, Франция ва бошқа давлатларнинг экспортбоп навлари кўчати олиб келинади. Ҳар икки станцияда сув таъминотини яхшилаш учун энергия тежамкор насос агрегати ва трансформатор ўрнатилади.

Эслатиб ўтамиз, 6−7 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтган иқлим ўзгариши ва мослашув масалаларига бағишланган анжуманда миллий мослашув режасини ишлаб чиқиш бўйича тавсиялар қабул қилинди. Бундай режага эга бўлиш Иқлим бўйича Париж келишувига содиқ бўлган ҳар бир давлат учун мажбурийдир.

Ноябрь ойида Жаҳон банки иқлим ўзгаришига мослашиш чоралари Ўзбекистонга уч баробар дивиденд олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган.