Ўзбекистонда иссиқхоналарга кўмир қозони сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда жума куни президент ҳузурида бўлиб ўтган учрашувда сўз борди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, кейинги йилларда иссиқхоналар майдони 2,6 баробар, маҳсулот етиштириш ҳажми эса 3 баробардан зиёд ошган. Ушбу соҳада 80 минг киши доимий, 70 минг киши мавсумий равишда ишлайди.

Иссиқхона хўжаликларининг самардорлигини ошириш мақсадида хориждан малакали агроном, энтомолог ва лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизини, кўмир қозони сотиб олиш харажатларининг 20 фоизгача қисмини қоплаш таклиф этилмоқда.

Йиғилишда мазкур секторда янги йўналишларда илмий-тадқиқот ишлари олиб борувчи Толали экинлар илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш режалари ҳам муҳокама қилинди.

Уларнинг натижалари асосида соҳага янги технология ва ускуналарни жорий этиш режалаштирилган. Фан ва ишлаб чиқаришни самарали боғлаб, пахта-тўқимачилик корхоналари рентабеллигини ошириш, шунингдек, пахта, каноп ва зиғирдан олинадиган маҳсулотларнинг халқаро стандартлар талабларига жавоб беришини таъминлаш кутилмоқда.

Аввалроқ EastFruit портали Туркманистоннинг иссиқхона помидорлари Тожикистон бозоридаги ўзбек помидорини бутунлай сиқиб чиқаргани ҳақида хабар берган эди. Молдова ва Тожикистонда помидор нархи Ўзбекистондагига қараганда арзонроқ, Польшада эса деярли тенг. Бунинг асосий сабабларидан бири иссиқхоналарда табиий газдан фойдаланишни тақиқлаш ва кўмир билан иситишга мажбурий ўтиш бўлиб, бу «иссиқхона бизнесининг иқтисодини бутунлай ўзгартириб юборган ва иссиқхона сабзавотларини етиштириш самарадорлигини кескин пасайтирган». Шу билан бирга, Ўзбекистон дунёдаги энг йирик газ захираларига эга ва яқин вақтгача йирик газ экспортчиси бўлган.

Яна бир сабаб — Ўзбекистондаги иссиқхона корхоналарининг хорижий валютадаги қарз юкининг юқорилиги бўлиб, бу миллий валютанинг қадрсизланиши фонида кўпинча қарзга хизмат кўрсатишнинг имкони йўқлиги ва ишлаб чиқарувчиларнинг амалда банкрот бўлишига олиб келган. Иссиқхона эгалари аллақачон кредитни қайтариш муддатини бир неча бор узайтирган. Охирги марта ўтган йилнинг август ойида президент 1000 та иссиқхона хўжалиги учун кредит тўлаш муддатини 2,2 триллион сўмга узайтирган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил февраль ойида газни тежаш мақсадида иссиқхоналар, цемент ва ғишт заводлари, болалар боғчалари, мактаб ва шифохоналарнинг бир қисми кўмир ёқилғисига ўта бошлаши ҳақида хабар берган эдик. Умуман олганда, 2023 йилда 5407 та ижтимоий объект, 1147 та иссиқхона ва 250 та заводни кўмирга ўтказиш режалаштирилган эди.

Аввалроқ Экология вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Тошкент атрофида кўмирдан фойдаланадиган иссиқхоналар сабаб «яшил ҳалқа» ўрнига «кулранг ҳалқа» ҳосил бўлган. Пойтахт атрофида жами 1314 гектар майдонда 631 та иссиқхона фаолият юритмоқда. Вазирлик таҳлилига кўра, сўнгги беш йилда иссиқхоналар сони 2,5 баробар ошган (Тошкент вилоятида — 2 баробар), уларнинг 60 фоизи иситиш тизимининг асосий манбаи сифатида кўмирдан фойдаланмоқда.