Россия давлат оммавий ахборот воситаларининг Украинадаги урушда содир бўлаётган воқеалар ҳақидаги риторикасини геноцидга даъват қилиш билан тенглаштириш мумкин. БМТнинг Украинадаги ҳуқуқбузарликларни текшириш бўйича оралиқ ҳисоботида бу ҳақда сўз боради.

Комиссия ҳисоботи 25 сентябрь куни Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг навбатдаги сессиясида тақдим этилди. Комиссия раиси Эрик Мозе ўз нутқи чоғида БМТ экспертлари «Украинадаги геноцид тўғрисидаги иддаолардан» хавотирда эканини таъкидлади.

«Россия давлат ва бошқа оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган баъзи риторикалар геноцидга даъват бўлиши мумкин», — деди ва комиссия бу масалаларни текширишда давом этаётганини қайд этди.

БМТ комиссияси, шунингдек, «Россия қуролли кучлари Украинада ҳарбий жиноятлар содир этаётганига оид бир қанча далиллар, жумладан, портловчи қуроллар билан ноқонуний ҳужумлар, тинч аҳолига зарар етказувчи ҳужумлар, қийноқлар, жинсий ва жинсга асосланган зўравонликлар ҳамда энергия инфратузилмасига ҳужумлар»ни тўплаган.

Комиссия, хусусан, турар-жой бинолари, функционал тиббиёт муассасаси, вокзал, ресторан, дўконлар ва савдо омборларига портловчи қурол билан қилинган ҳужумларни расмийлаштирган.

«Ушбу ҳужумлар тинч аҳолининг қурбон бўлишига, асосий объектларнинг шикастланишига ёки вайрон бўлишига, муҳим хизматлар ва таъминотнинг узилишига олиб келди», дейилади ҳисоботда. Аксарият ҳолларда ҳужумга учраган фуқаролик инфратузилмаси ҳеч қандай ҳарбий мақсадга эга эмас эди, дея қўшимча қилди Мозе.

Россия тинч аҳоли ва ҳимояланган мақомга эга тиббиёт муассасаларига ҳужум қилишда давом этмоқда, дея қўшимча қилди ҳисобот муаллифлари.

Комиссия, шунингдек, узоқ вақт давомида Россия истилоси остида бўлган Херсон ва Запорожье вилоятларида рус ҳарбийлари томонидан «кенг ва тизимли» қийноқлар қўлланилгани тўғрисида далиллар тўплади. Қийноқларнинг асосий нишонлари Украина Қуролли Кучлари фойдасига хабар беришда айбланган шахслар бўлган.

«Айрим ҳолларда қийноқлар шу қадар шафқатсизлик билан қўлланилганки, бу жабрланувчининг ўлимига олиб келган», — дейилади ҳисоботда.

Бундан ташқари, комиссия рус аскарлари Херсон вилоятида 19 ёшдан 83 ёшгача бўлган аёлларни зўрлагани ва жинсий зўравонлик қилганини аниқлаган.

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, улар Россия ҳукумати томонидан Украинадан Россияга болалар юборилиши билан боғлиқ ишларни алоҳида текширмоқда. Комиссия «кўчирилган болаларнинг тўлиқ ҳажми, шароитлари ва тоифалари бўйича аниқлик ва шаффофлик йўқлигидан» афсусда.

БМТ, шунингдек, Украина ҳукуматини «ўз қуролли кучлари томонидан содир этилган қоидабузарликларнинг кам сонли ҳолатларини зудлик билан ва ҳар томонлама текширишга» чақирди. Комиссия аъзоларининг сўзларига кўра, Украина томонидаги қоидабузарликлар тинч аҳолига яқин жойда портловчи қурилмаларни қўллаш, шунингдек, асирга олинган россиялик аскарларга шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ.

Мозенинг таъкидлашича, ҳажм ва хилма-хиллик нуқтаи назаридан бу қонунбузарликларни руслар билан таққослаб бўлмайди.

2022 йил март ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан Украинадаги ҳуқуқбузарликларни ўрганиш бўйича мустақил халқаро комиссия тузилган эди. У инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва суиистеъмол қилиниши ва халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши, шунингдек, «Россия Федерацияси томонидан Украинага қарши тажовуз контекстидаги тегишли жиноятлар» ни текширади.

Комиссия учта аъзодан иборат: Эрик Мозе, Пабло де Грейфф ва Вринда Гровер. Ташкил этилганидан буён БМТ комиссарлари Украинага ўндан ортиқ марта ташриф буюрган. Унинг фаолияти тўғрисидаги батафсил ҳисобот жорий йилнинг октябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясига, 2024 йил март ойида эса БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тақдим этилади.