20 сентябрь куни Тошкент марказидаги «Шарқ» ва ЎзА бинолари ягона мулкий мажмуа сифатида савдога чиқарилиши хабар қилинганди. Маданий мерос агентлиги ушбу объектларни аукцион савдоларидан олиб ташлаш юзасидан Давлат активларини бошқариш агентлигига огоҳлантириш берди.

Келтирилишича, «Шарқ» нашриёти матбаа корхонаси АЖ бинолари Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига маданий мерос объекти сифатида киритилган.

Объект 1979−1983 йилларда қурилган жами 14 та бино, 2 та бино қисми ҳамда 5 та иншоотдан иборат бўлиб, умумий майдони 60 736,0 квадрат метрни ташкил этади.

«Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектлари давлат тасарруфидан чиқарилиши ва хусусийлаштирилиши мумкин эмаслиги белгиланган. Шунингдек, моддий маданий мерос объектлари, архив ҳужжатлари, давлат музейлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, шу жумладан, хиёбонлар ва ботаника боғлари хусусийлаштирилмайдиган давлат мулклари этиб эътироф этилган, дейилади хабарда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Маданий мерос агентлиги томонидан Давлат активларини бошқариш агентлигига ушбу маданий мерос объектини аукцион савдоларидан олиб ташлаш юзасидан 21 сентябрь куни огоҳлантириш берилди.