Тошкент шаҳри Миробод тумани Буюк Турон кўчаси, 41 ва 42-уй манзилларда жойлашган бино ва иншоотлар ягона мулкий мажмуа сифатида савдога чиқарилади, дея хабар қилди Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги.

Ҳукумат қарори билан «Шарқ» нашриёт-матбаа АЖнинг бино-иншоотлари ва ишлаб чиқариш ускуналари маънан эскириб, таъмирталаб ва аксарияти яроқсиз аҳволга келиб қолганлиги сабабли Учтепа тумани Катта Хирмонтепа кўчаси 1-уй манзилида жойлашган янги бино-иншоотларга кўчирилмоқда.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) маъмурий биноси эса Миробод тумани Матбуотчилар кўчаси, 32-уй манзилидаги Матбуот уйига кўчирилади.

ўза, шарқ нашриёти

Ушбу бинолар жойлашган (умумий ер майдони 3,02 гектар, бино-иншоот майдони 56 525 кв м) бино ва иншоотлар бўшаётганлигини инобатга олиб, уларнинг негизида «замонавий шаҳарсозлик талабларига мос келувчи ягона мулкий мажмуа» барпо этилади.

Таклифлар 20 октябргача E-auksion электрон савдо майдончаси орқали қабул қилинади.

Мажмуа «замонавий шаҳарсозлик талабларини инобатга олган энг мақбул лойиҳа концепциясини тақдим этиш шарти билан ягона мулкий мажмуа сифатида хусусийлаштирилади».

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил ёзида «Шарқ» нашриёт-матбаа ижодий уйи рўпарасида жойлашган ДХХнинг собиқ биноси 210 млрд сўмга хусусийлаштирилган эди. Уни Metropol Group компанияси 22 қаватли Radisson Collection меҳмонхонасини қуриш учун сотиб олган. Июль ойидан буён бино бузилмоқда.