Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрига ташриф доирасида ўзига ажратилган қароргоҳда Boston Consulting Group компанияси раиси Рич Лессер ва Марказий Осиё ва Каспий минтақаси бўйича раҳбари Рза Нуриевни қабул қилди.

ақш, жаҳон банки, нью-йорк, ташриф, шавкат мирзиёев

Учрашув аввалида давлат раҳбари АҚШнинг ушбу консалтинг компанияси Ўзбекистондаги йирик корхоналарнинг бошқарувини мақбуллаштириш лойиҳаларида фаол иштирок этаётганини қайд этди. 2022 йили Тошкент шаҳрида Boston Consulting Group`нинг офиси очилди.

Суҳбатда сунъий интеллект салоҳиятидан фойдаланган ҳолда Билимлар иқтисодиётига ўтиш бўйича узоқ муддатли комплекс стратегияни, саноатни ривожлантириш дастурини ҳамда Ўзбекистон энергетика соҳасини ривожлантириш «мастер режаси»ни биргаликда ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

«Инвесторлар билан Ўзбекистон ҳудудларини ривожлантиришга узвий боғлаган ҳолда ишлаш самарадорлигини ошириш, давлат корхоналари ва банкларни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш, банкларнинг рақамли инфратузилмасини модернизация қилиш, шаҳарларни ривожлантириш ва энергетикадаги лойиҳаларни экспертиза жиҳатидан қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга билан учрашув ўтказди.

ақш, жаҳон банки, нью-йорк, ташриф, шавкат мирзиёев

Учрашувда Ўзбекистон билан Жаҳон банки ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбари Ажай Бангани Жаҳон банки гуруҳи президенти лавозимида иш бошлагани билан табриклади ҳамда унинг раҳбарлигида банк ривожланаётган мамлакатларнинг барқарор иқтисодий ривожланишига фаол кўмаклашишни давом эттиришига ишонч билдирди.

Хусусийлаштириш ва самарали давлат бошқаруви соҳаларида банкнинг экспертлик ва техник кўмагини кенгайтириш, карбонсизлаштириш, муқобил энергетика, инфратузилма ва коммуникациялар, сув таъминоти бўйича лойиҳаларни молиялаштириш ва уларга хусусий инвестициялар, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилиш ҳамда Трансафғон темир йўлини қуриш каби стратегик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ажай Банга, ўз навбатида, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини юқори баҳолаб, ўзаро манфаатли шерикликни бундан буён ҳам ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Банкнинг дунё бизнеси етакчи вакилларидан иборат Маслаҳат кенгаши Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда иштирок этиши тўғрисида келишувга эришилди.

«2026 йилга қадар даврга мўлжалланган ва жами 4 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи Ҳамкорлик дастури Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг барча устувор йўналишларини қамраб олган», — дейилади хабарда.

Ташриф якуни

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалий ташрифи 20 сентябрда якунига етди.

Давлат раҳбари Нью-Йорк шаҳрига ташрифи давомида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумсиёсий мунозараларида нутқ сўзлади.

Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг «С5+1» форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қўшма Штатлар президенти Жозеф Байден икки томонлама учрашувда давлатлараро ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларини кўриб чиқди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари Европа кенгаши президенти Шарль Мишель, Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль, Покистон бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар Какар, шунингдек, нуфузли халқаро тузилмалар раҳбарлари — БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Халқаро валюта фонди бошқарувчи директори Кристалина Георгиева, Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала, Жаҳон банки гуруҳи президенти Аджай Банга, ФИФА президенти Жанни Инфантино билан музокаралар ўтказди.

Ташрифнинг ишбилармонлик дастури доирасида Ўзбекистон етакчиси АҚШ бизнеси вакилларининг Ўзбекистон-Америка савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм бошчилигидаги делегацияси ҳамда йирик трансмиллий компания ва корпорациялар — Air Products, «Citigroup», «СNH», «Boston Consulting Group», «GE HealthCare», «Oppenheimer», «Cerberus», «Cintana» раҳбарлари билан учрашди.

Ташриф дастуридаги тадбирлар якунлангач, президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетди.