БМТ ва унинг барча институтлари дастурий ҳужжат — «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалий амалга оширишда ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш 19 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессияси доирасидаги Шавкат Мирзиёев билан учрашувида маълум қилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, БМТ раҳбари «Ўзбекистонни ислоҳ қилиш бўйича янги стратегияга киритилган мақсад ва вазифларнинг кўламдорлигини, улар Барқарор ривожланиш мақсадлари билан тўлиқ ҳамоҳанглиги»ни қайд этди.

Томонлар Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлигини янада кенгайтириш истиқболлари, энг аввало, барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий вазифа ва мақсадларни рўёбга чиқариш масалаларини кўриб чиқди.

Айни пайтда қарийб 140 та дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеясининг 6 та резолюцияси қабул қилинди, Оролбўйи минтақаси аҳосилини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун махсус Траст фонди фаолият юритмоқда.

Антониу Гутерриш Бош ассамблея сессиясида Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган, глобал ва минтақавий муаммоларга ечим топиш борасида илгари сурилган ташаббус ва таклифлар муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Музокаралар якунида Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кенг кўламли шерикликни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.