Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни Нью-Йоркда Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ раҳбарларининг «С5+1» форматидаги биринчи саммитида иштирок этди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Тадбирда АҚШ президенти Жо Байден, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди.

шавкат мирзиёев, С5, марказий осиё, ақш

Давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий шерикликни кенгайтириш истиқболлари, «яшил» тараққиёт, энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш, минтақавий хавфсизлик, терроризм ва трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Саммитда 8 йил муқаддам Самарқанд шаҳрида ташкил этилган «С5+1» формати Марказий Осиё давлатлари ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги очиқ ва конструктив мулоқот, барча соҳаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим майдонга айлангани таъкидланди.

Савдо-инвестициявий фаолиятни кучайтириш, лойиҳавий ҳамкорликни йўлга қўйиш, минтақада транспорт йўлакларини ривожлантириш, «яшил» кун тартибини илгари суриш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлаш, таълим дастурларини кенгайтириш, Афғонистондаги вазиятнинг тинч йўл билан ҳал этилишига кўмаклашиш каби бутун минтақа ривожи учун стратегик аҳамиятга эга устувор йўналишлар кўрсатиб ўтилди.

шавкат мирзиёев, С5, марказий осиё, ақш

Учрашув якунида минтақа мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги ўзаро англашувни янада чуқурлаштириш ва амалий шерикликни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан аввалроқ Марказий Осиё ва АҚШ президентлари саммити «ҳеч бир давлатга қарши қаратилмаганини» айтганди. «Бу биз ишлашни истаган мамлакатлар билан ижобий кун тартиби ҳақида», -деганди у.