Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессияси доирасида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Унда Ўзбекистоннинг тез фурсатда ЖСТга аъзо бўлиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон ўз олдига ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш бўйича қўйган мақсадлардан келиб чиққан ҳолда ташкилотга қўшилиш муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини тайёрлаш, шунингдек, жараёнда иштирок этаётган мутахассислар салоҳиятини кучайтириш ва малакасини ошириш масалаларига тўхталиб ўтилди.

«ЖСТ бош директори Ўзбекистон томонидан ташкилотга аъзо бўлиш борасида кўрилаётган чораларни юқори баҳолади. Нгози Оконжо-Ивеала ЖСТ котибияти Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини ҳамда мамлакатимиз яқин келажакда ташкилотга қўшилишига ишонч билдирди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Учрашув якунида ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишига тайёргарликни жадаллаштириш, мутахассисларнинг малакасини ошириш ҳамда қонунчиликни ЖСТ битим ва қоидаларига уйғунлаштириш юзасидан келишувга эришилди.

Ташкилот раҳбари учрашув ҳақида ўзининг X (собиқ Twitter)даги саҳифасида ёзиб қолдирди.

Twitter / NOIwealaTwitter / NOIweala

«Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан қизғин учрашувда мамлакатнинг ЖСТга аъзолиги масаласи муҳокама қилинди. Бу бўйича ишлар олиб борилмоқда ва келгусидаги иш дастури мавжуд. ЖСТга кириш йўлида ташкилот аъзолари билан ҳамкорликка киришишга тайёрликни кўриб турганимдан мамнунман», — дея қайд этди Нгози Оконжо-Ивеала.

Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида яқин орада Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлиш Ўзбекистон иқтисодиётини либераллаштириш йўлидаги устувор йўналишлардан бири эканини таъкидлаб ўтди.

Август ойида президент қонунчиликни ЖСТ келишувларига уйғунлаштиришга қаратилган ўзгартиришларни тасдиқлаганди.