Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни Нью-Йоркда Халқаро валюта фонди бошқарувчи директори Кристалина Георгиевани қабул қилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, томонлар глобал иқтисодий вазият юзасидан фикр алмашган ва ХВФ билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари, шу жумладан, июнь ойида Самарқандда ўтган икки томонлама учрашувда эришилган келишувлардан келиб чиққан ҳолда янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

«Фонд раҳбари Ўзбекистонда ортга қайтмас тус олган ислоҳотлар дастури натижаларига юқори баҳо берди ҳамда мамлакатимиздаги самарали янгиланишларни илгари суришда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди», — дейилади хабарда.

Учрашувда ХВФнинг Ўзбекистон молия соҳаси барқарорлигини комплекс таҳлил қилиш, иқтисодий сиёсатни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда консалтинг кўмагини кўрсатиш ҳамда мамлакат идоралари мутахассисларининг салоҳиятини ошириш дастурини амалга оширишдаги иштирокига доир масалалар муҳокама қилинди.