19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессияси доирасида Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёль билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон президенти Жанубий Корея билан кенг кўламли ҳамкорликнинг янги иқтисодий кун тартибини шакллантириш масалаларига тўхталди.

жанубий корея, шавкат мирзиёев, юн сок ёль

Қайд этилишича, ўтган йилда товар айирбошлаш 24 фоизга кўпайган. Ўзбекистонда қарийб мингта қўшма корхона фаолият юритмоқда, Кореядан инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ошди.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Корея Эксимбанки ва унинг фондлари билан кўп йиллар давомида самарали ҳамкорлик қилинаётгани, улар билан биргаликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил этгани юқори баҳоланган.

«Учрашувда Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари билан технологик ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни жадаллаштириш, инфатузилма, „яшил“ энергетика, рақамлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва бошқа йўналишлардаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгилаб олинди», — дейилади хабарда.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Корея президенти Юн Сок Ёлни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.