Ўзбекистонда 2023 йилнинг 8 ойда 414 киши овқатдан заҳарланди. Бу ҳақда 21 сентябрь куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Ўтган саккиз ой мобайнида 39 та ҳолатда овқатдан гуруҳли касалланиш қайд этилган. Бунинг оқибатида 414 нафар фуқаро жабрланган, уларнинг 86 нафарини болалар ташкил қилади, яна 2 нафар фуқаро эса вафот этган. Касалланганларнинг 81 нафарида ботулизм қайд этилган.

«Маиший, яъни уй шароитида гуруҳли касалланиш салатларни тайёрлашда санитария қоидаларига, сақлаш тартибига риоя қилмаслик оқибатида юзага келмоқда. Мактабгача таълим ташкилотларда бу каби ҳолатлар бизни кўпроқ ўйлантирмоқда. 13 июлда Сергели туманидаги 600-сонли боғчада 12 нафар, Ангрен шаҳридаги 10-сонли боғчада 27 нафар тарбияланувчиларнинг гуруҳли овқатдан заҳарланиш ҳолати рўйхатга олинган», — деди Нурмат Отабеков.

СЭС раҳбари ўринбосарининг айтишича, мактабгача таълим ташкилотларида бундай ҳолатларнинг кузатилиши, биринчидан, ошхоналар лойиҳа асосида қурилмаётгани, санитария талабларига зид равишда фаолият юритаётгани ва иссиқ-совуқ cув таъминотидаги муаммолар билан боғлиқ. Мазкур ошхоналарда ишлатилаётган жиҳозлар эскиргани, болаларга овқат тайёрлаб бераётганлар номутахассис ва санитария нормалари бўйича ўқитилмагани ҳам юқоридаги ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах шаҳридаги ошхоналарнинг бирида таомланган 57 киши, Тошкент шаҳридаги қурилишнинг 20 нафар ишчиси ва Самарқанд вилоятида тўйда қатнашган 42 нафар фуқаро овқатдан заҳарланганди.