Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган қурилиш фирмасининг 20 нафар ишчисида овқатдан заҳарланиш ҳолати аниқланди, дея хабар бермоқда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати.

Маълум қилинишича, қурилиш фирмасининг ишчилари тез тиббий ёрдам машинасида Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази қабул бўлимига овқат токсикоинфекцияси шубҳаси билан олиб келинган.

«Беморларга бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда уларнинг аҳволи қониқарли эканини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

Хизмат фуқароларга сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган маҳсулотларни истеъмол қилмаслик, истеъмол учун мўлжалланган таомларни тайёрлаш ва сақлашда санитария-гигиена қоидаларига амал қилишни сўради.