2023 йилда Ўзбекистондаги мактаблар учун янги дарсликлар нашр этиш мақсадида бюджетдан 920 миллиард сўм ажратилди. Шунингдек, бошланғич синфлар учун «тўлиқ янги» дарсликлар ишлаб чиқилди. Бу ҳақда 28 август куни президент раислигида ўтган йиғилишда маълум қилинганди.

Лекин Ўзбекистон мактабларида янги 2023/2024 ўқув йили бошланганига 2 ҳафтадан ошганига қарамай айрим мактаб ўқувчилари ҳамон баъзи дарсликларсиз таълим олмоқда. Бу ҳақда ота-оналар ва ўқитувчилар ижтимоий тармоқларда ёзишмоқда.

Уларнинг таъкидлашича, ўқувчиларга у ёки бу фаннинг дарслиги берилмаган ёхуд янги дарслик ўрнига эскиси топширилган. «Газета.uz» ушбу масалада эътирозлар акс этган постларни йиғди.

Фойдаланувчиларнинг бир қисми янги ва эски дарсликлар билан боғлиқ чалкашликлар борасида ёзишган.

Юқоридаги постларнинг изоҳларида ҳам бир қанча фойдаланувчилар худди шундай ҳолатга гувоҳ бўлишаётганини ёзган.

Фаоллар нима дейди?

Иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу масалада расмий муносабатлар йўқлиги бу мавзу табуга айлантирилгани сабаб эканини тахмин қилади.

«Ўтган йили дарсликлар ижараси кескин қимматлагани билан боғлиқ масала бир думалаб янги дарсликларни яратиш ва давлат буюртмаларини бошқатдан тақсимлаш ва янги бенефициарлар тарафидан ўзлаштириш томон бурилиб кетди. Бир йил аввал дарсликлар муаммосига оид муҳокамалар расмий пропаганда воситаларидан тортиб электрон ОАВларгача асосий ўринни эгаллаган бўлса, бугун энди ижтимоий тармоқларни ҳисобга олмаса деярли ҳамма жим. Шунақа тасаввур уйғонадики, энди дарсликлар мавзуси, агар масала муаммоларга тақалса, тақиқда, табуда», — дейди у.

«Дарслик етишмовчилиги бутун ўрта таълимни — танланган элита учун ҳисобланган президент мактаблари, пули борларга мўлжалланган хусусий мактаблар ва ижтимоий адолатсизлик намунасига айланган давлат мактабларини қамраган. Кимдир ксерокопиялардан, кимдир электрон вариантлардан фойдаланмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига йўлланган саволлар Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази вазирлигига рўпара қилинган. Марказ эса вазирликка стрелка кўрсатган», — деб ёзади Бакиров.

Журналист Илёс Сафаров ёзишича, ота-оналар ўз пулига китоблар чиқариб олишга мажбур бўлмоқда.

»дарсликлар,

Қобул Дўсов эса дарсликлардаги хатолик ва баъзи топшириқлар кичик синфлар учун жуда қийинлигига этибор қаратган. Хусусан, дарсликларнинг бирида қўл таъм билиш аъзоси, тил эса сезиш аъзоси сифатида келтирилган. Яна бир дарсликда ўқувчидан сон нурини чизиш сўралган.

Фото: Қобул Дўсов саҳифасидан

«Сентабр ойининг ўртасида фин тажрибасини ўрганиб шу даража етдик-ки, сонларни нурини чизаяпмиз», — деб ёзади Дўсов.

Унинг ёзишича, 2-синфларнинг яна бир дарслигида икки ўркачли туя яна қандай аталишини топиш сўралган.

дарсликлар, мактаб таълими вазирлиги, финляндия таълим тизими, халқаро тажриба

Кейинги сурат эса 4-синф дарслигидан.

дарсликлар, мактаб таълими вазирлиги, финляндия таълим тизими, халқаро тажриба

Facebook`даги «Потребидель.Уз» саҳифасида эса тарихий обидалар жойлашган ҳудуд ва уларнинг номларида хатолар ҳам кузатилганини ёзишди. Мазкур пост эса кейинроқ ўчириб ташланди.

дарсликлар, мактаб таълими вазирлиги, финляндия таълим тизими, халқаро тажриба

Бу эса Тошкентдаги мактабларнинг бирида 1-синф ўқувчилари учун берилган дарслик.

Бундан ташқари, таълим эксперти Комил Жалилов бошланғич синф ўқувчилари учун янги дарсликлардаги бошка хатоларга эътибор қаратган. Қуйида келтирилган суратда Alifbo`дан нафақат L ҳарфи тушиб қолган, балки эндигина ҳарф танишни бошлаган болалар учун шеър ҳам ёзилганини кўриш мумкин.

дарсликлар, мактаб таълими вазирлиги, финляндия таълим тизими, халқаро тажриба

«Сизнингча, ўзи учун янги тилни энди ўрганишни бошлаган, эндигина бу тил алифбосидаги ҳарфларни таниган ўқувчи учун мана бу шеър ва топишмоқлар қай даражада тушунарли? Ўзбек тилида энди алифбони тугатган русийзабон (тожик, қозоқ ва ҳоказо) бола учун „ақлни сарф қил“, „гўё“, „буюк эрур“, „адаштирмагин“, „зинҳор“, „савод“, „бўлсин ёр“ жумлалари, инверсия иштирок этган гаплар тушунарлими? „тук“, „пўк“, „чўқолмас“, „маржон-маржон“, „шапалоқ“, „еб кўрмадан ўйлаб боқ“, „босса бўлар“, „осса бўлар“, „ёқутдай“, „тахир“ каби жумлаларчи? Бу шеър ва топишмоқлардан мақсад нима ўзи?», — деб ёзади Жалилов.

Қолаверса, мутахассис ўзбек тилидаги 1-синф ўқувчиларига берилган шеърлар рус тилидаги 2-синф ўқувчилари ўзбек тилини ўрганишига мўлжалланган дарсликка copy-past қилинганини ҳам танқид қилган.

Жалилов шунингдек, Ўзбекистон мактаблари ўқувчилари қайси таълим стандартлари — ўқув дастурлари асосида таҳсил олаётгани бўйича ҳам савол билан юзланган.

«Бир неча йил олдин президент фармони асосида халқаро донорлар ва хорижлик экспертларни жалб қилган ҳолда миллий ўқув дастури яратилган эди ва Президент фармони билан мазкур дастур мактабларга жорий қилинаётган эди. «Фин тажрибаси» деган гап-сўзлар, Таълимни ривожлантириш маркази ва «Novda» майдонга кириб келмагунча. Ҳозирги кунда, 1−4 синфлар «Новда»нинг «фин тажрибаси асосида» дейил (аёт)ган, лекин қайси стандарт / дастур асосида яратилганлиги мавҳум бўлиб қолаётган дарсликлари асосида, 5, 8, 9, 11 синфлар 2014−2018 йилларда яратилган дарсликлар асосида ва 6, 7, 10 синфлар Миллий ўқув дастурига асосланган дарсликлар бўйича таҳсил олмоқда. Бундай парадоксал вазият ҳеч бир таълим тизимида (ҳатто кўпни кўрган финларда ҳам) бўлмаса керак», — дейди Комил Жалилов.

У масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратиб, шундай дейди: «Қизиғи, ўтган йили шу пайтларда дарсликлардаги ҳар бир хато (ёки кимларгадир „хато“ бўлиб кўринган турли блогерлар ва аудиторияси катта Telegram каналлар томонидан роса „айлантирилган“ эди. Бу йил дарсликлар муҳокамасида бундай фаоллик кузатилмайди негадир».

Вазирликнинг сукути

Дарсликлар етишмовчилиги борасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўзининг расмий саҳифаларида ҳеч қандай муносабат билдирмади. «Газета.uz»нинг вазирлик матбуот котибига ушбу масала юзасидан юборган бир нечта сўрови эса жавобсиз қолдирилди. Дарсликлар етишмовчилиги қачон тўлиқ бартараф этилиши эса сўроқ остида қолмоқда.

Таҳририят таълим тизимидаги юз бераётган ушбу вазиятни кузатишда давом этади.