Ўзбекистоннинг 500 та мактабида Президент мактаби ва ихтисослашган мактаблар ўқув дастури ҳамда баҳолаш тизими жорий этилади, бу эса улар учун «таянч мактаб» вазифасини бажаради. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Бир йилда уларнинг иши баҳоланиб, янги тизимни самарали қўллаган ўқитувчиларга 40 фоизгача устама берилади, дейилади хабарда.

Президент мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умаровага 2024 йилда 500 та мактабнинг ҳар бирига 3 тадан мактабни бириктириб, янги тизимни йўлга қўйиш топшириғини берди. Шундай қилиб, 1,5 мингта мактабга Президент ва ихтисослашган мактаблар методикаси, муҳити кириб боради.

Келгуси беш йил ичида ушбу тизимни барча мактабларда жорий этамиз, — деди давлат раҳбари.

мактаб дарсликлари, мактаблар, таълим, шавкат мирзиёев

Йиғилишда жорий йилда мактабларга 500 нафар хорижлик мутахассис олиб келингани айтилди. Келгуси йилда яна 1500 нафарини жалб этиш кўзда тутилган. Бу борада давлат раҳбари хорижлик ўқитувчиларни уй-жой билан таъминлаш масаласини ҳал этиш бўйича ҳокимларга топшириқ берди.

Шунингдек, йиғилишда умумтаълим мактабларида ўқитиладиган фанлар сони 16 тадан 11 тага қисқартирилгани эълон қилинди. Университетда ўқиш ниятида бўлган 10−11-синф ўқувчиларига «кимё — биология», «математика — физика», «математика — чет тили», «она тили ва адабиёт — чет тили» фанлари уларнинг танлови асосида чуқурлаштириб ўқитилади.

Касб-ҳунар эгалаш истагидаги ўқувчиларга эса мактабнинг ўзида тайёр мутахассис бўлиб етишиш имконияти яратилади. Сентябрдан бошлаб ушбу тажриба салоҳияти ва тайёргарлиги бор 135 та мактабда йўлга қўйилади. Келгуси ўқув йилидан камида 1 мингта мактаб ушбу тизимга ўтказилади.

Мактаб ўқув дастурига биринчи синфдан компьютер саводхонлигини, юқори синфларда эса молиявий саводхонликни киритиш режалаштирилган.

Янги дарсликлар

Йиғилишда жорий йилда мактаблар учун янги дарсликлар нашр этиш учун бюджетдан 920 миллиард сўм ажратилгани, бошланғич синфлар учун «тўлиқ янги» дарсликлар ишлаб чиқилгани маълум қилинди.

Президент бошланғич синфлар учун тайёрланган дарсликларнинг иккинчи қисмини тўлиқ нашр этиш бўйича топшириқ берди. Унинг сўзларига кўра, бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров график асосида етишмаётган маблағларни молиялаштиришни таъминлайди.

Ўқув дастурларига қўшимча янги фанларни киритиш тақиқланади, дейилади йиғилишда. Барча янги таклифлар мавжуд фанларга интеграция қилиниши керак.

Йиғилишда барча фанларда миллий ғурур, ифтихор, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ватанпарварлик ғоялари тарғиб қилиниши зарурлиги таъкидланди.

мактаб дарсликлари, мактаблар, таълим, шавкат мирзиёев

«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров йиғилишда.

Август ойи ўрталарида Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги бошланғич синфлар учун «илғор хорижий тажриба ва 4К моделига асосланган инновацион ёндашувлар» (критик фикрлаш, креативлик, коллаборация, коммуникативлик) асосида яратилган 775 номдаги 72 миллион нусха дарслик чоп этилаётганини маълум қилганди).

Бундан ташқари, вазирлик хорижий тиллар ва ахборот технологиялари бўйича юқори синфлар учун дарсликлар, шунингдек, Кембриж дастури бўйича ихтисослаштирилган мактабларнинг 7−11-синфлари учун физика ва биология фанлари бўйича дарсликлар хорижий дастурлар асосида маҳаллийлаштирилиб нашрга тайёрланаётганини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, 2021−2022 ўқув йилидан бошлаб 1 ва 2-синфлар учун янги дарсликлар жорий этилган. 2022−2023 йилларда 3, 6, 7 ва 10-синфлар учун дарсликлар янгиланди. 2021 йилда иккита ҳудудда инглиз (1−11-синфлар) ва информатика (5−11-синфлар) бўйича маҳаллийлаштирилган Cambridge University Press дарсликларини апробациядан ўтказиш бошланди. 2022 йилдан мазкур нашриётнинг она тили ва ўқиш саводхонлиги ҳамда 1−4-синфлар учун математика дарсликларини синовдан ўтказишни бошлаш режалаштирилганди.

2022/2023 ўқув йили учун Халқ таълими вазирлиги дастлаб 66,6 млн дона дарслик, ўқув-методик қўлланмалар ва дафтарлар ишлаб чиқаришни режалаштирган бўлса, кейинчалик бу режа 59,9 млн нусхага камайтирилди (2021 йилда 25 млн га яқин эди).

«Газета.uz» колумнисти, таълим бўйича эксперт Комил Жалилов 2023—2024 ўқув йилидан бошлаб мактаблар учун янги ўқув дастурини жорий этишни назарда тутувчи 2023 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасини таҳлил қилган.