Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 16 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида автокредитлар беришда банкларга қўйиладиган талаблар кучайтирилишини тушунтирди.

Унинг сўзларига кўра, регулятор «автомобиль кредитлашнинг юқори суръати»дан хавотирда эканини бир неча бор таъкидлаган, чунки бу банк тизими учун маълум хавфларни келтириб чиқаради.

«Ҳозир биз [автокредитлашдаги] ўсиш суръати кредитлашнинг умумий ўсиш суръатидан бир неча баравар юқори эканини кўрмоқдамиз. Бу кредитнинг бир тури бўйича юқори даражадаги риск концентрациясидан далолат беради», — деди у.

Марказий банк раҳбарининг таъкидлашича, бу автокредитлар беришга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди — «қандай берилган бўлса, шундай давом этади». Чекловлар стандартлардан ташқарига чиққан банкларга нисбатан қўлланади. Хусусан, айрим банклар кредит портфелининг 50−60 фоиздан ортиғини автокредитлар ташкил этади, деди у.

Мамаризо Нурмуратов хавфлардан бири сифатида 2009−2010 йиллардаги вазиятни мисол қилиб келтирди, ўшанда иккиламчи автомобиль бозорида нархлар кескин тушиб кетган.

Бундан ташқари, банклар «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ ишлаб чиқариш, савдо, суғурта ва молиявий операциялар билан боғлиқ бўлмаган бошқа фаолият турлари билан бевосита шуғулланиши тақиқланган бўлса-да, тижорат фаолияти билан шуғулланган.

«Банклар банк тизимига хос бўлмаган функциялар билан шуғуллана бошлади — автомобилни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиш. Қонунда банк тижорат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмаслиги бевосита қайд этилган. Лекин банк машинани сотиб олиб, кейин бўлиб-бўлиб сотмоқда. Бу ерда эса гаров қийматини тўғри акс эттириш тамойили бузилмоқда», — деди Мамаризо Нурмуратов.

Аввалроқ Марказий банкнинг янги талабига кўра, молия тизими учун хавфларни камайтириш мақсадида банкларнинг кредит портфелидаги автокредитлар улуши 25 фоиздан ошмаслиги кераклиги ҳақида хабар бергандик. Бундан ташқари, 20 августдан бошлаб автокредитлар беришда кредит суммалари ва дастлабки гаров билан боғлиқ рисклар бўйича янги талаблар кучга кирди. Регуляторнинг билдиришича, бу чоралар бундай кредитлар бўйича фоиз ставкаларига таъсир қилмайди.