Ўзбекистон Марказий банки Тижорат банклари капиталининг етарлилигига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, сўнгги пайтларда банклар томонидан автомобиль сотиб олиш учун ажратилаётган кредитлар ҳажми кескин ошиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида банкларнинг кредит портфелида мазкур кредит турининг концентрация бўлишига ва натижада кредит таваккалчилигини ошишига олиб келиши мумкин.

Шу сабабли, банкларда кредит таваккалчилигини камайтириш мақсадида жисмоний шахсларга автомобиль сотиб олиш учун ажратилган кредитлар бўйича кредитнинг гаровга нисбатидан келиб чиққан ҳолда таваккалчилик даражалари белгиланмоқда.

Жумладан, кредит таваккалчилигини камайтириш мақсадида Марказий банк 1 июлдан бошлаб таваккалчилик даражасини кредит бўйича фоиз ставкасига қараб эмас, балки кредит ва гаров суммасининг (гаров шартномаси бўйича автомобиль нархи) нисбатидан келиб чиққан ҳолда белгилаш ниятида. Ҳозирги кунда ипотека риски даражаси худди шу тарзда ўлчанади.

Агар кредит суммаси гаров (автомобиль қиймати)нинг 75 фоизидан кам бўлса, у ҳолда банк учун хавф даражаси 100 фоиз деб баҳоланади. Агар кредит миқдори 75 фоиздан ортиқ бўлса, лекин гаров суммасининг 100 фоизидан кам бўлса, у ҳолда хавф 150 фоизга баҳоланади. Агар кўрсаткич гаров қийматига тенг ёки ундан юқори бўлса, у ҳолда 200 фоиз.

Молиячи Отабек Бакировнинг тушунтиришича, дастлабки бадали 25 фоиздан кам, 10 фоиз ёки ҳатто дастлабки бадалсиз ажратилаётган автокредитлар энди 200 фоизгача риск билан баҳоланади. Табиийки, банклар дастлабки бадали 25 фоиздан кам бўлган автокредит маҳсулотлари таклифини камайтиради.

«Назаримизда, бу жуда тўғри қарор. Монополлашган бирламчи автомобиль бозори, етарли даражада таклиф йўқлиги, шунингдек, юқори даражада спекуляция қоидалари асосида ишлай бошлаган иккиламчи автомобиль бозоридаги вазият тобора молиявий пирамида белгиларига эга бўлиб бормоқда. Автомобиль истеъмол товари хусусиятини йўқотиб, олиш ва сотиш ўртасидаги маржага эришиш ва спекулятив даромадга эга бўлиш воситасига айланиши кузатилмоқда», — деб ёзди у.

Унинг сўзларига кўра, банклар ҳам ўзининг маржасига эга бўлиш учун курашда тобора риск жараёнига фаол кирмоқда, рискни қарздор билан бўлишмаслик, яъни рамзий дастлабки бадал билан ёки дастлабки бадалсиз автокредитлар ажратилиши бунинг яққол мисоли.

«Айтайлик, автомобиллар нархининг 10 фоиз ёки ундан кўпроқ даражада бирдан пасайиши (бунинг эҳтимоли мавжудлигини амалиётда 2009, 2014−15 йилларда кўрганмиз) узун нотўловлар занжирини яратади. Ўзбекистонда автомобиль бозор ташқи кризис омилларига нисбатан жудаям мўрт. Айтайлик, асосий экспорт бозорларида сотувларнинг тўхтаб қолиши ёки пул ўтказмаларининг қисқариши энг аввало айни шу бозорда акс садо беради. Ёки бўлмаса, тўғри бунга ишониш қийинроқ, автомобилларга нисбатан аждарҳо божлардан инсоний божларга ўтилиши ҳам бозордаги таклиф диктовкасини жуда қисқа муддатларда ўзгартириб юборади», — дея таъкидлади Отабек Бакиров.

Молиячи риск ҳисобини фоиз ставкаларга боғлаш амалиётидан бошқа кредит маҳсулотларида ҳам воз кечишни таклиф қилди.

«Рискли» маҳсулот

2022 йил март ойида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов автокредитлар билан жиддий шуғулланаётган банклар ҳали хавф-хатарлардан хабардор эмаслигини таъкидлаган эди. Унинг қайд этишича, Марказий банк бозорни барқарорлаштириш учун макропруденциал назоратни кучайтиради.

«Биз бу ерда ҳеч қандай чекловлар киритмаймиз. Фақатгина макропруденциал назоратни кучайтирамиз, бу эса банкларга автокредитларни [беришни] ошириш истагини автоматик равишда камайтириш имконини беради. Автокредит билан жиддий шуғулланаётган банкларнинг ўзлари келажакда қандай хавф-хатарларга дуч келишларини ҳали англаб етгани йўқ», — деган эди Мамаризо Нурмуратов.

«Автокредитлар жуда хавфли кредитлар бўлиб, гаров кредитга сотиб олинган автомобиль бўлади. Фойдаланилганда унинг қиймати ҳар куни камаяди. Бизнинг макропруденциал чора-тадбирларимиз ушбу бозорни маълум даражада барқарорлаштириш имконини беради», — деди Марказий банк раҳбари.

2019 йил март ойида Марказий банк раисининг ўша пайтдаги биринчи ўринбосари (ҳозирда президентнинг иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, инвестициялар ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари) Тимур Ишметов чакана кредитлашда автокредитларга эътибор қаратиб, «риск-менежментнинг асосий тамойилларини бузаётган» банклар ҳақида огоҳлантирган эди.

«Автокредитлар — моно-маҳсулот, барча банклар оммавий равишда фақат автокредитлар билан шуғуллана бошладилар. Улар хавфларни бошқаришнинг асосий тамойилларини бузишни бошладилар — бу сизнинг барча тухумларингизни битта саватга қўймаслигингиз кераклигини англатади. Ва бизда бунинг акси бўляпти. Албатта, банк алоҳида ҳолатда бошқа банкларнинг ҳажмларини кўрмайди. Бир оз кўпроқ [автомобиль кредити берсам] ёмон бўлмайди, деб ўйлаётган бўлса керак», — дея таъкидлаганди у.

«Шундай бўлдики, айрим банкларда чакана кредит портфелининг ярмидан кўпи автокредитларга тўпланган. Гап автомобиль кредитлари ҳақида эмас, балки битта маҳсулотга концентрация бўлаётганида — бу «пуфак»ка олиб келиши мумкин. У ёрилиб кетса, кўплаб кредитлар дефольт бўлиб қолади, банклар катта маблағ йўқотади ва шунга мос равишда омонатчилар пулининг бир қисми ҳам», — дея тушунтирганди Тимур Ишметов.