Ижтимоий тармоқларда автокредитлар учун талаблар кучайтирилгани ҳақида маълумот тарқалди. Ушбу маълумотни «Газета.uz»га банк соҳасидаги бир нечта мустақил манбалар тасдиқлади.

Уларга кўра, Ўзбекистон Марказий банкининг янги талабига кўра, банкларнинг кредит портфелидаги автокредитлар улуши 25 фоиздан ошмаслиги керак.

Банклардан бирининг ходими маълум қилишича, энди банклар ҳар бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор шахслар гуруҳига тўғри келадиган максимал кредит миқдори биринчи даражали капиталнинг 25 фоизидан ошмаслиги кераклигини назарда тутувчи нормативларга риоя қилишлари керак бўлади. Ушбу норматив банкларнинг рискларини минималлаштириш ва активлар бир қўлга ўтиб қолмаслиги учун ишлайди ва «эртага бундай кредитнинг қайтарилмаслиги банкнинг ўзини ҳам шошириб қўймаслиги учун керак».

Шунга ўхшаш талаб ҳозирда автомобиль кредитлари учун ҳам жорий этилмоқда (бир йўналиш ёки бозорга қарамликни бартараф этиш учун).

«Янги талаб ҳам хатарлар билан боғлиқ. Чунки баъзи банклар кредит портфелининг 50 фоиздан ортиғи автокредитлардан иборат. Аксарият автокредитлар маҳаллий автомобиллар билан таъминланган. Агар эртага автомобиль бозорида бирор нарса ўзгарса, масалан, божлар олиб ташланса, маҳаллий автомобиллар нархи тушади ва одамлар бу кредитни шунчаки тўламай қўяди. Бу кредитлар эса, ўз навбатида, аҳолининг омонатлари ҳисобидан ажратилган, бу ҳолда аҳоли омонатларини қайтаришда муаммоларга дуч келиш мумкин», — деди суҳбатдош.

Молиячи Отабек Бакиров регуляторнинг бу ҳаракати тўғри экани ҳақида ёзди.

У ижтимоий тармоқларда мазкур қарор турлича муҳокама қилинаётганига эътибор қаратиб, Марказий банк қонун бўйича молиявий барқарорлик учун таваккалчилик омилларини биргаликда баҳолашга тўла ҳақли эканини таъкидлади.

«Тижорат банки ўзининг хатар чегараларини ўзи ҳис этмаяптими, Марказий банк регуляцияга киришиши керак. Акс ҳолда, кредиторлар, омонатчилар олдида масъулиятсизлик пайдо бўлади. Иккинчидан, Марказий банк автокредитларни тақиқлаётгани йўқ. Таваккалчилик чегараларини белгилаяпти. Бир қарздорга, бир гуруҳга, бир маҳсулотга нисбатан рационал риск диверсификацияси каби бу», — дейди Отабек Бакиров.

Мутахассиснинг таъкидлашича, айрим банклар битта манбага — автокредит ажратишга боғланиб қолган. Бозордаги ҳар қандай қалтис ўзгариш ўша банкларга қўшиб бутун банк тизими барқарорлигини излан чиқариши мумкин. Ўтган ой 20 августдан автокредитлар учун дастлабки бадал миқдорларини ошириш ва гаровга нисбатан талабларни қаттиқлаштириш ҳам уларни тўхтата олгани йўқ. Шу сабабли янги «иштаҳа линиялари»ни белгилашга тўғри келган.

«Шунингдек, регуляторнинг бу тадбирлари автокредитлар фоиз ставкаларининг (нархи) ошишига олиб келмайди. Шунчаки автомобиллар нархини тинимсиз ошириб борилишидан манфаатдор спекулянтлар бозордан кетади (уларнинг пуфаги ёрилишни бошлайди). Банклар спекуляцияни эмас, истеъмолни кредитлашга, демакки, иқтисодиётни рағбатлантиришга қайтишади. Соғлом ва тўловга лаёқатли қарздорлар бундан фақат ютишади», — деб ёзди молиячи.

Бундан ташқари, Отабек Бакировнинг фикрича, банкларнинг ипотекадан каррасига кўпроқ автокредит ажратиши исталган моделда хавфли ҳисобланади.

«Агар регулятор бу жараёнларга кузатувчи бўлиб қоладиган бўлса, эртага нафақат автокредитга алоқадор банклар ва қарздорлар, балки бутун ўзбекистонликлар оғриқли оқибатларни танасида ва чўнтагида ҳис қилади. Бунга эса асло йўл қўйиб бўлмайди», — дейди мутахассис.

Автокредитлар масаласи

2019 йил март ойида Марказий банк раисининг ўша пайтдаги биринчи ўринбосари (ҳозирда президентнинг иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, инвестициялар ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари) Тимур Ишметов чакана кредитлашда автокредитларга эътибор қаратиб, «риск-менежментнинг асосий тамойилларини бузаётган» банклар ҳақида огоҳлантирганди.

«Автокредитлар — моно-маҳсулот, барча банклар оммавий равишда фақат автокредитлар билан шуғуллана бошладилар. Улар хавфларни бошқаришнинг асосий тамойилларини бузишни бошладилар — бу сизнинг барча тухумларингизни битта саватга қўймаслигингиз кераклигини англатади. Ва бизда бунинг акси бўляпти. Албатта, банк алоҳида ҳолатда бошқа банкларнинг ҳажмларини кўрмайди. Улар мен бироз кўпроқ автокредит берсам ёмон нарса бўлмайди, деб ўйлаётган бўлиши мумкин», — дея таъкидлаганди у.

«Шундай бўлдики, айрим банкларда чакана кредит портфелининг ярмидан кўпи автокредитларга тўпланган. Гап автомобиль кредитлари ҳақида эмас, балки битта маҳсулотга концентрация бўлаётганида — бу «пуфак»ка олиб келиши мумкин. У ёрилиб кетса, кўплаб кредитлар дефольт бўлиб қолади, банклар катта маблағ йўқотади ва шунга мос равишда омонатчилар пулининг бир қисми ҳам йўқотилади», — дея тушунтирганди Тимур Ишметов.

2022 йил март ойида эса Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов автокредитлар билан жиддий шуғулланаётган банклар ҳали хавф-хатарлардан хабардор эмаслигини таъкидлаганди. У ўшанда Марказий банк бозорни барқарорлаштириш учун макропруденциал назоратни кучайтиришини айтганди.

«Биз бу ерда ҳеч қандай чекловлар киритмаймиз. Фақатгина макропруденциал назоратни кучайтирамиз, бу эса банкларга автокредитларни [беришни] ошириш истагини автоматик равишда камайтириш имконини беради. Автокредит билан жиддий шуғулланаётган банкларнинг ўзлари келажакда қандай хавф-хатарларга дуч келишларини ҳали англаб етгани йўқ», — деганди Мамаризо Нурмуратов.

«Автокредитлар жуда хавфли кредитлар бўлиб, гаров кредитга сотиб олинган автомобиль бўлади. Фойдаланилганда унинг қиймати ҳар куни камаяди. Бизнинг макропруденциал чора-тадбирларимиз ушбу бозорни маълум даражада барқарорлаштириш имконини беради», — деган Марказий банк раҳбари.

2023 йилнинг май ойида эса Марказий банки тижорат банклари капиталининг етарлилигига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, сўнгги пайтларда банклар томонидан автомобиль сотиб олиш учун ажратилаётган кредитлар ҳажми кескин ошиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида, банкларнинг кредит портфелида мазкур кредит турининг концентрация бўлишига ва натижада кредит таваккалчилигини ошишига олиб келиши мумкин.

Шу сабабли ҳужжат банкларда кредит таваккалчилигини камайтириш мақсадида жисмоний шахсларга автомобиль сотиб олиш учун ажратилган кредитлар бўйича кредитнинг гаровга нисбатидан келиб чиққан ҳолда таваккалчилик даражалари белгилашни назарда тутади.

Жумладан, кредит таваккалчилигини камайтириш мақсадида Марказий банк 1 июлдан бошлаб таваккалчилик даражасини кредит бўйича фоиз ставкасига қараб эмас, балки кредит ва гаров суммасининг (гаров шартномаси бўйича автомобиль нархи) нисбатидан келиб чиққан ҳолда белгилаш ниятида. Ҳозирги кунда ипотека риски даражаси худди шу тарзда ўлчанади.

Агар кредит суммаси гаров (автомобиль қиймати)нинг 75 фоизидан кам бўлса, у ҳолда банк учун хавф даражаси 100 фоиз деб баҳоланади. Агар кредит миқдори 75 фоиздан ортиқ бўлса, лекин гаров суммасининг 100 фоизидан кам бўлса, у ҳолда хавф 150 фоизга баҳоланади. Агар кўрсаткич гаров қийматига тенг ёки ундан юқори бўлса, у ҳолда 200 фоиз.

Молиячи Отабек Бакиров бу ўзгариш сабабли табиий равишда банклар дастлабки бадали 25 фоиздан кам бўлган автокредит маҳсулотлари таклифини камайтиришини айтганди.

«Назаримизда, бу — жуда тўғри қарор. Монополлашган бирламчи автомобиль бозори, етарли даражада таклиф йўқлиги, шунингдек, юқори даражада спекуляция қоидалари асосида ишлай бошлаган иккиламчи автомобиль бозоридаги вазият тобора молиявий пирамида белгиларига эга бўлиб бормоқда. Автомобиль истеъмол товари хусусиятини йўқотиб, олиш ва сотиш ўртасидаги маржага эришиш ва спекулятив даромадга эга бўлиш воситасига айланиши кузатилмоқда», — деб ёзган ўшанда у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бирламчи енгил автомобиллар бозорида август ойида жами 37,7 мингта янги енгил автомобиллар сотилиб, автомобиль сотуви ўтган ойга нисбатан 9 фоизга, ўтган йилнинг август ойига нисбатан эса 2 баравардан кўпроққа ўсди.

Иккиламчи бозорда эса енгил автомобиллар савдоси бироз пасайди. Ой давомида 97,5 мингта енгил автомобиллар сотилиб, кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 0,1 фоизга камайган. Шу билан бирга, ўтган йилнинг август ойига нисбатан сотув миқдори 7 фоизга ошган.

Иккиламчи автомобиль бозорида сотувларнинг пасайиши UzAuto Motors томонидан Cobalt, Lacetti, Labo ва Damas автомобиллари учун шартномаларнинг тикланиши билан боғлиқ ҳисобланади (компания шу йилнинг август ойидан бошлаб 51 мингга яқин автомобиль учун шартнома тузган).