Марказий банк рискли кредитлар миқдори ўсиб бораётгани сабабли банкларга автокредитларнинг кредит портфелидаги улуши 25 фоиздан ошмаслиги кераклиги бўйича талаб қўйгани хабар қилинганди. Регулятор берилган кўрсатмалар бундай кредитлар ажратилишини тақиқламаслигини ҳамда таклиф этилаётган фоиз ставкалари ошишига таъсир қилмаслигини таъкидлади.

Маълум бўлишича, Банк назорати қўмитаси томонидан 12 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда банкларнинг кредит портфелида концентрация таваккалчилиги ҳолати юзасидан қарори қабул қилинган.

Унда банклар «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, активлари бўйича йўқотишларга оид таваккалчиликни камайтириш мақсадида ўз активларининг диверсификация қилинишини таъминлаши кераклиги белгиланган.

Шунингдек, Марказий банк банклар фаолиятига таъсир кўрсатувчи таваккалчиликларни аниқлаганда, уларнинг барқарорлигини сезиларли даражада ёмонлаштирувчи таваккалчиликларга сабаб бўладиган айрим молиявий операцияларни амалга оширишга белгиланган чекловларга риоя этиш талабларини кучайтириши таъкидланган.

«Сўнгги йилларда банклар томонидан жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар таркибида автокредитлар улушининг кескин ортиши концентрация таваккаличигини вужудга келтириб, мазкур йўналишда юзага келиши мумкин бўлган молиявий йўқотишларнинг банклар барқарорлигига таъсири хатарларининг ошишига сабаб бўлмоқда», — дейилади регулятор баёнотида.

Шу сабабли омонатчилар ва кредиторлар манфаатлари ҳимоя қилинишини ҳамда юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликларнинг банклар барқарорлигига салбий таъсирини камайтириш учун Марказий банк банк назорати қўмитаси қарори билан тижорат банкларига кредит портфелининг диверсификация қилинишини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган.

«Марказий банкнинг бу кўрсатмаси банклар томонидан автокредитлар ажратилишини тақиқламайди ҳамда таклиф этилаётган фоиз ставкалари ошишига таъсир кўрсатмайди. Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатда фаолият юритаётган барча банкларда автокредитлар ажратиш имкониятлари мавжуд ва амалга оширилмоқда», — дейилади МБ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 15 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда автокредитлар учун талаблар кучайтирилгани ҳақида маълумот тарқалди. Буни «Газета.uz»га банк соҳасидаги бир нечта мустақил манбалар тасдиқлади.

Уларга кўра, Марказий банкнинг янги талаби билан банкларнинг кредит портфелидаги автокредитлар улуши 25 фоиздан ошмаслиги керак. Молиячи Отабек Бакиров регуляторнинг бу ҳаракати тўғри экани ҳақида ёзди.

У ижтимоий тармоқларда мазкур қарор турлича муҳокама қилинаётганига эътибор қаратиб, Марказий банк қонун бўйича молиявий барқарорлик учун таваккалчилик омилларини биргаликда баҳолашга тўла ҳақли эканини таъкидлади.

«Тижорат банки ўзининг хатар чегараларини ўзи ҳис этмаяптими, Марказий банк регуляцияга киришиши керак. Акс ҳолда, кредиторлар, омонатчилар олдида масъулиятсизлик пайдо бўлади. Иккинчидан, Марказий банк автокредитларни тақиқлаётгани йўқ. Таваккалчилик чегараларини белгилаяпти. Бир қарздорга, бир гуруҳга, бир маҳсулотга нисбатан рационал риск диверсификацияси каби бу», — деганди Отабек Бакиров.

Шунингдек, Бакиров регуляторнинг бу тадбирлари автокредитлар фоиз ставкаларининг (нархи) ошишига олиб келмаслигини, шунчаки автомобиллар нархини тинимсиз ошириб борилишидан манфаатдор спекулянтлар бозордан кетишини қайд этган.