Ҳафта давомида кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлади

11−15 сентябрь кунлари Ўзбекистонда асосан кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳарорат +29…+32 даража бўлади. Тоғли ҳудудларда баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Фото: Тошкентда яна чанг бўрони кузатилмоқда

Тошкентда кучли шамол ортидан чанг-тўзонлар содир бўлмоқда. IQAir Ҳаво сифати индексига кўра, ҳозир Ўзбекистон пойтахти ҳаво ифлосланиши бўйича дунё шаҳарлари рейтингида биринчи ўнталикдан ўрин олди. «Газета.uz» мухбирлари чангга бурканган пойтахт кўчаларини суратга олди.

Аҳоли электр энергияси билан узлуксиз таъминлангач, нарх ошади — энергетика вазири

Аҳоли учун табақалаштирилган тарифларни белгилашдан олдин узлуксиз электр энергияси етказиб беришни йўлга қўйиш зарур, дея таъкидлади энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов. Унинг сўзларига кўра, ҳукуматга янги тарифни 2024 йилнинг 1 майидан жорий этиш бўйича таклиф киритилиши кутилмоқда.

Янги Тошкентда трамвай ва метронинг ягона тармоғи қурилади

Янги Тошкентда «эски» Тошкент билан боғланган трамвай ва метронинг ягона тармоғини қуриш режалаштирилмоқда. «Янги шаҳарга метрода 30−35 дақиқада етиб бориш мумкин… Автомобилда келишга эҳтиёж қолмайди» , — дейди қурилиш вазири ўринбосари Давронжон Одилов.

Прокурор журналист Мавжуда Мирзаевага 6 йил қамоқ жазоси беришни сўради

Kompromatuzb иши доирасида судланаётган журналист Мавжуда Мирзаевага 6 йил қамоқ жазосини бериш ва 3 йил давомида касбий фаолият билан шуғулланишни тақиқлаш сўралди.

Декабрда Ўзбекистон Фанлар академиясининг 80 йиллиги юбилейи ўтказилади

Тошкентда декабрь ойида Ўзбекистон Фанлар академиясининг 80 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтади. Хусусан, халқаро конференция ва кўргазмалар ўтказиш ҳамда академиянинг янги ҳақиқий аъзоларини қабул қилиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон делегацияси президент ташрифи олдидан АҚШда бўлди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва бошқа расмийлар АҚШга ташриф буюрди. Шавкат Мирзиёев сентябрь ойи охирида АҚШга бориши кутилмоқда. У ерда «Марказий Осиё-АҚШ» форматидаги биринчи саммит (C5+1) ўтказилиши режалаштирилган.

Иқтисодиётни фискал ва монетар рағбатлантиришда давом этиш инфляцион босимни келтириб чиқариши мумкин — ИТИМ

Фискал ва монетар рағбатлантириш воситалари орқали иқтисодиётни рағбатлантиришни давом эттириш инфляцион босимни келтириб чиқариши мумкин, дейилади Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази чораклик макроиқтисодий таҳлилида. Марказ 2023 йилда ЯИМ ўсиши 5,8 фоизни ташкил этишини прогноз қилди.

Шимолий вокзалдан ҳаракатланувчи аксарият поездлар бир ой давомида Жанубий вокзалдан қатнайди

Техник таъмирлаш ишлари туфайли Тошкент марказий (Шимолий) темирйўл вокзалидан ҳаракатланадиган айрим поездлар қатнови 15 сентябрдан 15 октябргача «Тошкент-Жанубий» вокзалидан амалга оширилади. Бу вақтда икки вокзал ўртасида бепул автобуслар қатнайди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола:

Биз йўқотаётган боғ. Мутахассислар — Тошкентни кўкаламзорлаштириш муаммолари ҳақида

Ўзбекистон пойтахти «боғ-шаҳар» ғояси устига қурилган. Аммо қурилишлар, дарахтларни кесиш, уларни нотўғри парваришлаш ва аҳоли саломатлиги кўкаламзорлаштиришнинг ўз ечимини кутаётган тизимли муаммоларидан далолат бермоқда, дейди мутахассислар. Акс ҳолда, биз ўзимиз яшаётган боғни йўқотамиз.

Нима ўқиймиз? Журналист Сафарали Қурбонов тавсия қилади

«Газета.uz» китобхонликни тарғиб этишга қаратилган «Нима ўқиймиз?» лойиҳасини давом эттиради. Сара асарлар, ўқилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланган китоблар рўйхати ҳақида олим, тадқиқотчи, ёзувчи-шоир, таржимон, журналист ва жамоат фаолларининг тавсияларини сизга етказамиз.