3−7 сентябрь кунлари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги делегация АҚШга ташриф буюрди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Бахтиёр Саидов АҚШ президентининг махсус ёрдамчиси Николас Берлинер, Нью-Йорк мэри Эрик Адамс, АҚШ Сенатининг Ички хавфсизлик ва ҳукумат ишлари бўйича қўмитаси раиси Гэри Питерс (яқинда Ўзбекистонга келганди), Жаҳон банки вице-президенти Антонелла Бассани ҳамда АҚШнинг бир қатор етакчи компаниялари раҳбарлари билан алоҳида учрашувлар ўтказди.

Музокаралар чоғида турли йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ташриф доирасида ахборот-коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Ўзбекистон-Америка IT ассоциацияси Tech Bridge лойиҳасига старт берилди.

ақш, бахтиёр саидов, лазиз кудратов

Бахтиёр Саидов ва Нью-Йорк мэри Эрик Адамс

ақш, бахтиёр саидов, лазиз кудратов

АҚШ Сенатининг Ички хавфсизлик ва ҳукумат ишлари бўйича қўмитаси раиси Гэри Питерс

ақш, бахтиёр саидов, лазиз кудратов

Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқов, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Бахтиёр Саидов Жаҳон банки вице-президенти Антонелла Бассани билан.

Ташриф давомида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов АҚШ савдо вазири ўринбосари, савдо вакили ўринбосари ва Америка компаниялари раҳбарияти билан учрашди.

Учрашувлар давомида Ўзбекистон учун GSP дастурининг бенефициар мақомини тиклаш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 7-йиғилишини ташкил этиш, ўзаро савдо йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича қўшма маслаҳат платформасини яратиш, шунингдек, музокараларни бошлаш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш бўйича ҳукуматлараро битимларни тайёрлаш жараёни кўриб чиқилди.

«Яшил масалалар кун тартиби», «инсон капиталини ривожлантириш», хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини пасайтириш, хусусийлаштириш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш каби устувор йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш режалаштирилди.

ақш, бахтиёр саидов, лазиз кудратов

Лазиз Кудратов

ақш, бахтиёр саидов, лазиз кудратов

Делегациянинг йиғилиши.

Банклар, кимё корхоналари ва уяли алоқа компанияларини хусусийлаштириш, инновацион вакциналар ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, Ўзбекистон тўқимачилик саноатига илғор дастурий таъминот ва технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларга АҚШнинг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилиш масалалари келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, «Марказий Осиё — АҚШ» («C5+1») форматидаги биринчи саммит сентябрь ойининг охирига режалаштирилган. Бу Нью-Йоркда БМТ бош ассамблеясининг навбатдаги сессиясининг очилиш кунларида бўлиб ўтади. Саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва минтақанинг бошқа давлатлари раҳбарлари АҚШ президенти Жо Байденнинг таклифига биноан иштирок этиши кутилмоқда.