Kompromatuzb иши доирасида судланаётган журналистлар Хуршид Далиев, Мавжуда Мирзаева ва Сиёвуш Ҳошимов ишида тарафлар музокараларини бошлашди, дея хабар берди «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook`даги саҳифасида.

Қайд этилишича, судланувчи Мавжуда Мирзаевага нисбатан ишда давлат айбловчиси сифатида иштирок этаётган Шайхонтоҳур тумани прокурорининг катта ёрдамчиси Бердиқиличева уни 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш ва уч йилга касбий фаолият билан шуғулланишни тақиқлашни сўраган.

«Суднинг иш куни ниҳоясига етгани учун прокурор музокарани чала қолдиришга мажбур бўлди. Яъни, Мирзаева бу жазони қандай тартибдаги колонияда, қай тарзда ўтказишига оид масала ҳам кейинги суд мажлисида ҳал қилинади. Шунингдек, бошқа журналистларга ҳам қонун тартибида жазо белгилаш прокурор томонидан сўралади, гал адвокатларга келади. Демак, тахминимизча кейинги ҳафтада Kompromatuzb иши ниҳоясига етса керак», — деб ёзди Ташанов.

Аввалроқ Kompromatuzb иши бўйича суд ёпиқ тарзда кўрилиши ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, иш бўйича судланувчилар журналист ва Human.uz сайти директори Хуршид Далиев, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаева, «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимовлар ҳисобланади. Шунингдек, ушбу ишга фуқаро Аҳмадулло Аҳмаджоновнинг ҳам алоқаси борлиги айтилмоқда. Мавжуда Мирзаева 2023 йил январь ойида ҳибсга олинганди.

Айблов хулосасига кўра, ушбу ишда 19 нафар жабрланувчи ва 10 нафар фуқаровий даъвогар иштирок этиб, 5 млрд 140 млн сўмлик зарар етказилган. Улар орасида собиқ бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ҳамда бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Нозим Хусанов (апрель ойида лавозимидан кетган), март ойида ҳибсга олинган Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги собиқ директори Афзал Эрматов, Давлат ветеринария ва чорвачилик қўмитаси ҳузуридаги «Ўзбекчорванасл» агентлиги бош директори Бахтиёр Отамуродов, Самарқанд вилояти ҳокими матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев, Бухоро муҳандислик-технология институти илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Мирзо Шарипов, CIBGROUP компанияси директорлари Уйғун Турсунхўжаев ва бошқалар бор.