Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — «Маданият ва маърифат» телеканали бош муҳаррири Сафарали Қурбонов.

Мутолаа ҳақида

Мутолаа одамга ўз салоҳиятини охиригача очиш имконини беради. Мутолаасиз замонни, унинг ҳолатини ҳис қилиб бўлмайди. Ҳар қандай пайтда, ҳар қандай даврада ўз сўзимизни айта олишимиз учун ҳам мутолаа керак.

Мутолаани тоза ҳавога ўхшатаман. Жисмингизга, ривожланишингиз, тезроқ ва янги куч олишингиз учун тоза ҳаво қанчалик зарур бўлса, мутолаанинг зарурати ҳам шунчалик. Афсуски, қайсидир амалдорлар касри билан бугун, масалан, Тошкентда тоза ҳаво қолмади, шаҳардаги нобоп ҳавога ҳам ўрганяпмиз. Шу каби, баъзи бир қўштирноқ ичидаги «одамлар» шарофати билан мутолаасиз — «тоза ҳаво»сиз яшашга ҳам ўргандик.

Тан олишим керак, у даражада фаол китобхон эмасман. Лекин мутолаа қилаётган китобимни асосан босма китоб шаклида ўқишни яхши кўраман. Китобни муҳим деб ҳисоблаган жойларимга белги қўйиб, ўзимга ёққан жойларини ёзиб олиб, тушунмаган жойларимга сўроқ-саволлар қўйиб, ёзиб-чизиб-белгилаб ўқишни яхши кўраман. Лекин ҳозир электрон китобларга кўпроқ мурожаат қилишга тўғри келяпти барибир. Аудио шаклда эса асосан кичик ҳикояларни эшитиб, «мутолаа қиламан».

Китобхонлик даражаси пасайиб кетди деб турган пайтимизда китоб ўқимасликка шароит бўлмаслиги керак. Китобни қидирган одам унинг «босма шакли йўқ», «янги нашри йўқ», «лотин ёзувида йўқ», «аудиоси йўқ», «видеоси йўқ», хуллас, уни ўқимаслик учун бирор баҳона қила олмаслиги керак. Китоб нашрини ҳам арзонлаштириш, бу соҳадаги солиқларни бир қайта кўриб чиқиш керак — баъзилар «китоб қиммат» деган баҳона билан китоб ўқимаяпти, шундай баҳонага ҳам ўрин қолидирлмаслиги керак.

Сўнгги йилларда ўқилган китоблардан тавсиялар

Сэмюэл Беккет. «Годони кутиш»

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, сафарали қурбонов, тавсия

Бу асарни талабалик йилларим мажбурият юзасидан ўқигандим. Аммо яқинда, Эжен Иеноско ижоди билан танишгач, у билан замондош Беккетнинг мазкур пьесасини қайта ўқишга эҳтиёж туғилди ва бу сўнгги вақтларда мазза қилиб ўқиган асарларимдан бири бўлди.

Асарда икки қаҳрамон бир қарашда бир-бирига мос келмайдиган, турли гапларни гаплашиб ўтиргандек. Аслида эса уларнинг ҳар гапида Қобил ва Хобил воқеасидан тортиб инсониятнинг то бугунгача бўлган оғриқлари, азоблари, эътиқодсизлиги орқасидан чеккан изтироблари — ҳамма-ҳаммаси қамраб олинган.

Пьесада алоҳида эътиборга молик жиҳатлар кўп, хусусан, қулликка кўнган, фикр билдиришни, мустақил яшашни, исён қилишни хоҳламайдиган, ўзининг ҳозирги ҳолатини ўзгартиришни истамайдиган одам образида айрим зиёлиларимизни ҳам кўриш мумкин. Умуман, бу асар, ундаги образлар, тимсоллар таҳлиллари ҳақида алоҳида китоблар ёзса арзийди.

Ўйлаб ўқиладиган асар. Керак бўлса, муаллифнинг кутубхонаси билан бироз танишишга мажбур қиладиган асар. Бугун учун ҳам, эрта учун ҳам хизмат қилаверади, исталган пайт нимадир олиш мумкин.

Оскар Уайльд. «Дориан Грейнинг портрети»

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, сафарали қурбонов, тавсия

«Годони кутиш»дан фарқли ўлароқ, бу асарда воқеалар, сюжет чизиғи бор, китобхонни ўз ортидан нисбатан осон эргаштира олади, бемалол ўқиш мумкин.

Асар жисман мукаммал, қалбан ҳам ёмон бўлмаган, ҳар бир айтган гапи рўёбга чиқадиган йигит — бир сўз билан айтганда, ўз даврининг олди одами нафсининг ва жамиятнинг йўриғига юриб, қай аҳволга тушиши, нақадар тубанлашиши мумкинлиги ҳақида.

Портрет — асардаги асосий деталлардан бири. Асарда одамни тубанлашиб боришини кўрсатувчи воқеалар кўп. Муаллиф айтмоқчики, сенинг ҳар бир қилган нотўғри ишинг, гуноҳларинг, хатоларинг шунчаки изсиз кетмайди, яхшими, ёмонми, ҳар бир ишинг учун жавоб берасан, шундай экан, портретинг аслидай қолишини хоҳласанг, тўғри бўл. Сотиб олиш.

Фёдор Достоевский. «Ака-ука Карамазовлар»

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, сафарали қурбонов, тавсия

Фёдор Достоевскийнинг «Ака-ука Карамазовлар» асари ўзбек тилида яқинда нашрдан чиқди. Аксарият ижодкорлар бутун ҳаёти давомида йиққанларини охирида бир асарга жамлайди. Достоевскийнинг ҳам жамики хулосалари айнан «Ака-ука Карамазовлар»да.

Достоевскийнинг (ўзбек тилига ўгирилган) қолган асарлари билан имкон қадар танишишга ҳаракат қилган инсон сифатида айтадиган бўлсам, «Ака-ука Карамазовлар» — бутунлай бошқа асар. Бу ерда инсон ва ҳаёт, эътиқод ва эътиқодсизлик, ота ва фарзанд муносабатларига кенг ўрин берилган, ҳар бир гап, ҳар бир образнинг ҳоалти жуда бир катта психолог, жуда бир катта файласуфнинг гапидек.

Китоб Достоевскийнинг бошқа катта асарларини ҳам ўзбек тилига ўгирган, Достоевскийнинг кучи, қудратини ҳис қилган атоқли таржимонимиз Иброҳим Ғафуров томонидан таржима қилинган. Шу боис таржима жуда яхши чиққан. Сотиб олиш.

Ёшларга тавсиялар

«Алпомиш»

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, сафарали қурбонов, тавсия

Биз достон эшитиб катта бўлганмиз. Шунинг учун биринчи ва кўп ўқиганимиз — «Алпомиш». Уни фильмлари ёки мультфильмларига қараб, баъзилар ўхшамаган фантастика деб ўйлайди. Аслида эса уни миллий қомусимиз дейиш мумкин.

Унда давлатчилик, давлат қандай бўлиши керак, миллат ўзини қандай сақлаб қолади, миллатни кимлар, қандай парчалайди, кимлар миллатнинг юзини ерга қаратади («ёртибойлар» ким?), урф-одатлар, аёллар билан боғлиқ жиҳатлардан то фарзанд тарбиясигача бўлган ҳамма масалалар бор.

Масалан, ҳозир кўп гапирилаётган гендер тенглиги ҳам бор «Алпомиш»да. Фақат ўқиш керак. Сотиб олиш.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур. «Бобурнома»

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, сафарали қурбонов, тавсия

«Бобурнома» — ўқишимиз керак бўлган асарлардан бири. У шу қадар реалистик асарки, баъзи бир маҳмадона ёшларимиз шуни ўқимагани ҳам яхшиликка бўлса керак, деб ўйлаб қоламан.

Бобур Ҳиротга борганида шаробхўрлик билан боғлиқ бир ҳолатни айтади: «Бу ердаги шаҳзодалар базму жамшидга шунчалик муккасидан кетган эдики, баъзилари саждага бош қўйиб, бошини кўтара олмай, ухлаб қоларди». Ёки: «Ҳазрат улардан ҳеч бўлмаса пешингача ичмай туришларини сўрарди». Шу билан бирга у янги тахтга ўтирган вақтида ўзи ҳам шаробхўр бўлиб қолганини тан олади.

Хуллас, ўзининг шу ва бошқа камчиликлари ҳақида ҳам кескин ёзади. Шу билан бирга, эътиқод масаласида, ғурурни сақлаш борасида зўр жиҳатлари ҳам бор. Сотиб олиш.

Эрих Мария Ремарк. «Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ»

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, сафарали қурбонов, тавсия

Бугунги ёшлар учун ҳам, ижтимоий тармоқлар орқали кўряпмизки, ёши катталар учун ҳам керак бўлган бир асар. Бизнинг урушларга бўлган муносабатимизни, бугунги босқинчиликларга бўлган муносабатимизни аниқлаштириш учун керак бўлган асар.

Асарда жуда пафосли жиҳатлар йўқ; у миллатнинг азоблари, урушга борган одамнинг изтироблари — ҳаммасини жуда чиройли тарзда етказади. Урушда сизу биздек инсон қурбон бўлаётганини ҳис қилишга имкон беради. Урушларни қўллаб-қувватламасликни, ватанпарварлик ва билан шовинизмни фарқлай билиш учун, урушда бир томон ғолиб, бир томон мағлуб эмас, иккала томон ҳам мағлуб эканини тушуниш учун шу ва шу каби бошқа асарларни ўқиш керак. Сотиб олиш.

Михаил Булгаков. «Уста ва Маргарита»

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, сафарали қурбонов, тавсия

Эътиқодсиз ва эътиқодсизлик тарғиб қилинаётган жамиятнинг фожиаларини шу жамият ичида туриб фош қилиш — жуда катта қаҳрамонлик. Михаил Булгаков шундай қаҳрамонлик қила олган.

Асарда эътиқодсизлик инсонни нималарга олиб бориши, эътиқодсиз инсон қандай таназзулга бориши, эътиқодсиз ё Худосиз жамият қандай ҳолатга тушиши, нафснинг ортидан қай даражага етиши, инсонни ғоявий жиҳатдан ушлаб турадиган бир куч барибир кераклиги, эътиқодсиз жамиятнинг охири йўқ эканлигини даҳшатли тарзда кўрсатиб берилган.

Асардаги қиёс ҳам — 2000 йил аввалги ва ҳозирги ҳолат — жуда зўр. Ўзимизча инсоният жуда тараққий этди, деймиз. Лекин «Уста ва Маргарита»да инсоннинг эътиқодга, эркинликка, умуман инсонликка бўлган муносабати 2000 йилда қанчалик ўзгарди деган савол ўртага шундай қўйилади ҳамда жуда гўзал ва айни вақтда жуда шафқатсиз жавоб берилади — шакл жиҳатдан нимадир ўзгаргандир, лекин моҳият ҳали ўша-ўша. Сотиб олиш.

Габриэль Гарсиа Маркес. «Бузрукнинг кузи»

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, сафарали қурбонов, тавсия

Маркеснинг ушбу романи ҳам жуда муҳим асар. Бу ерда Лотин Америкасида 100 йил ҳукмронлик қилган диктаторнинг ҳаёти мисол қилиб олинади. Унинг прототипи аниқ бир диктатор эмас; муаллиф диктаторларнинг ҳаммаси бири-бирига ўхшайди, дейди — романдаги диктаторнинг ҳам бир томонига қарасангиз, Гитлерни ҳам кўрасиз, бошқа бир томонига қарасангиз, Сталинни ҳам кўраверасиз, ўша даврда Лотин Америкасидаги давлатларда ҳукмронлик қилган президентларини ҳам кўринаверади.

Асарда бир қизиқ деталь бор: диктаторнинг 5 мингга яқин фарзанди бор ва уларнинг деярли бари носоғлом. Муаллиф бу тимсол билан айтмоқчики, диктатура бор жойда соғлом фикрли инсон, ҳар томонлама соғлом бўлган одам туғилмайди.

Ёзувчи айтадики, диктаторнинг кўпроқ яшашини унинг малайлари кўпроқ хоҳлайди ва диктатурани сақлашга ҳам айнан улар ҳаракат қилади; малайлар диктаторнинг соясидан ҳам диктатор ясаб, ундан фойдаланади; диктаторнинг ўзи ҳам, керак бўлса, ҳокимиятнинг қўғирчоғига айланиб қолади; диктатура нафақат миллатга, балки диктаторнинг ўзига ҳам улкан фожиа олиб келади.

Габриэль Гарсиа Маркес мана шуларнинг барини гўзал тарзда кўрсатиб беради. Сотиб олиш.