15 сентябрдан 15 октябргача Тошкентдаги марказий (Шимолий) темирйўл вокзалидан ҳаракатланадиган аксарият поездлар қатнови «Тошкент-Жанубий» вокзалидан амалга оширилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ хабар бермоқда.

Қайд этилишича, бу вақт мобайнида «Тўқимачи» ҳамда «Тошкент-йўловчи» темирйўл бекатлари оралиғидаги йўлда техник таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Бир ой мобайнида юқори тезликда ҳаракатланувчи Afrosiyob электропоездлари, «Шарқ» (Тошкент — Бухоро — Тошкент), «Насаф» (Тошкент — Қарши — Тошкент), «Ўзбекистон» (Тошкент — Андижон — Тошкент) ҳамда халқаро йўналишлардаги Тошкент — Волгоград — Тошкент, Душанбе — Тошкент — Душанбе йўловчи поездлари «Тошкент-Жанубий» темирйўл вокзал ҳудудидан рейсларини амалга оширади.

Олмаота — Тошкент — Олмаота, Тошкент — Новосибирск — Тошкент, Тошкент — Самара — Тошкент йўналишида ҳаракатланадиган йўловчи поездлари ҳамда Тошкент — Хожикент — Тошкент шаҳарлараро поездлари қатнови бундан мустасно, улар Шимолий вокзалдан қатновни давом эттираверади.

Ҳар икки вокзалдаги барча чиптахоналар узлуксиз ишлайди. Бундан ташқари, чипталарни электрон тарзда ҳам харид қилиш мумкин. «Тошкент-Жанубий» темирйўл вокзалдаги кутиш заллари, вокзалга киришда 3 та бир босқичли назорат ўтиш пункти доимий равишда йўловчиларга хизмат кўрсатади.

Шунингдек, бир ой мобайнида «Тошкент-Марказий» вокзалидаги чиптахоналардан поезд жўнашидан олдин чипта харид қилган ёки адашиб «Тошкент-Шимолий» вокзалига келиб қолган йўловчиларни «Тошкент-Жанубий» вокзалига олиб бориш учун вақтинча бепул автобуслар қатнайди.

Реконструкция ишларидан сўнг мазкур ҳудуддаги темирйўлда поездлар ўтказувчанлиги янада ортади ва юк поездларининг тўхтовсиз ҳаракатланишига имконият яратилади, дейилади хабарда.