Иш ҳафтаси давомида — 11−15 сентябрь кунлари Ўзбекистонда куз фасли боши учун хос бўлган асосан кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет хизмати агентлиги хабар қилди.

Душанба куни кундузи мамлакат ҳудуди бўйича ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди, Бухоро, Навоий вилоятларининг айрим жойларида ва куннинг иккинчи ярмида Тошкент вилоятининг баъзи жойларида, республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучаяди, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда 21−23 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин. Ҳарорат +29…+32 даража бўлади.

Тоғли ҳудудларда 12−13 сентябрь кунлари баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, 14−15 сентябрда ёғингарчилик кутилмайди.

Пойтахтда душанба кунининг биринчи ярмида ёғингарчилик кутилмайди, куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин, шамол тезлиги 12−15 м/с гача кучаяди. Ҳарорат +30…+32 даража бўлади.

12−15 сентябрь кунлари ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади. Ҳарорат 12 сентябрда +26…+28 даража, 13−15 сентябрда +28…+30 даража бўлади.