Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2023 йил январь-июнь натижалари бўйича ўзининг макроиқтисодий таҳлилини эълон қилди. Унда фискал ва монетар рағбатлантириш воситалари орқали иқтисодиётни рағбатлантиришда давом этиш инфляцион босимни келтириб чиқариши мумкинлиги айтилади.

Марказ макроиқтисодий шарҳидаги асосий хулосаларга қуйидагилар киради:

  • Ялпи талаб омиллари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери бўлиб аҳолининг ялпи истеъмол харажатларининг кўпайиши хизмат қилмоқда;
  • Марказ баҳолашларига кўра, май ойида аҳолининг номинал даромадлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,6 фоизга ошган;
  • Истеъмолчилар кайфияти индекси иқтисодиётдаги оптимистик кайфият юқорилигича қолаётганини кўрсатмоқда;
  • Аҳолининг истеъмол харажатлари ва иқтисодий фаолликнинг ошиши кутилмоқда;
  • Фискал ва монетар рағбатлантириш воситалари орқали иқтисодиётни рағбатлантиришни давом эттириш инфляцион босимни келтириб чиқариши мумкин;
  • Кейинги йиллардаги тенденциялар иқтисодиётда таркибий ва технологик ўзгаришлар рўй бераётганидан, ресурсларни тақсимлаш самарадорлиги ортиб бораётганидан далолат бермоқда;
  • Фискал сектор таҳлили шуни кўрсатадики, фискал сиёсат проциклик ҳолатда, яъни иқтисодий ўсиш ўз салоҳиятига қайтган бўлса-да, иқтисодиётни рағбатлантиришда давом этмоқда.

Марказ прогнозларига кўра, 2023 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши базавий сценарий бўйича 5,8 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон давлат бюджети харажатлари даромадларидан 29 трлн сўмга (2,5 млрд доллар) кўпроқ бўлгани хабар қилинганди. 2023 йилда профицит прогноз қилинганига қарамай, биринчи яримйилликда дефицит деярли 6,2 фоизни ташкил этди.

Шунингдек, Марказий банк бошқарувининг 27 июлдаги йиғилиши бўйича баёнотида ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун бюджет дефицитини белгиланган параметрлар даражасидан ошмаслигини таъминлаш муҳимлиги қайд этилганди. Регулятор инфляция даражаси 8,5−9,5 фоиз атрофида бўлиши бўйича прогнозини ўзгаришсиз қолдирган.