Июль ойида Ўзбекистон Хитойга табиий газ экспортини қиймат кўрсаткичида оширди, дея хабар қилди Хитой Халқ Республикаси Бош божхона бошқармаси.

Аввал хабар берганимиздек, апрель ойида Ўзбекистон ўша ойда 40,47 млн долларлик «зангори олов» экспортини тиклади. Май ойида етказиб бериш ҳажми 78,16 млн, июнда 85,27 млн, июлда эса ўтган ойга нисбатан 7,2 фоизга кўпроқ — 91,39 млн долларга ошган.

Йил бошидан буён экспорт ҳажми умумий 295,3 млн долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41,6 фоизга кам — 505,87 млн доллар. Буни январь-март ойларида Ўзбекистондаги энергетика инқирози фонида газ экспорти тўхтатилгани билан изоҳлаш мумкин.

Ўтган ойдаги кўрсаткичларни солиштирадиган бўлсак, 2022 йил июль ойида 99,55 млн долларлик газ етказиб берилган.

Айни пайтда Туркманистон Хитойга газ етказиб бериш бўйича етакчи бўлиб қолмоқда ва етти ой давомида 5,85 млрд долларлик газ экспорт қилди (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан +10 фоиз). Иккинчи ўринни эса Россия эгаллади, у етказиб бериш ҳажмини қарийб икки баравар ошириб, 3,94 млрд долларга етказди. Мьянма (861 млн доллар) ва Қозоғистон (614 млн доллар) кейинги ўринларда турибди.

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги газ экспорти бўйича маълумотлар бир неча мартага фарқ қилаётганини ёзган эди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов буни Хитой туркман гази транзитини ҳам ҳисобга олиши билан изоҳлади. Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, ҳатто буни ҳисобга олган тақдирда ҳам, статистика катта фарқ қилиши мумкин.

Аввал хабар берганимиздек, йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,6 фоизга ёки 2,51 млрд куб метрга камайган.

Аввалроқ «Туркмангаз» давлат концерни раиси ўринбосари Мирад Арчаев Туркманистон Россиянинг Ўзбекистон ва Қозоғистон билан «газ иттифоқи» бўйича баёнотлардан хавотирда эканини билдирган эди. Унинг сўзларига кўра, бу Хитойга газ экспорт қилувчи Туркманистон манфаатларига дахл қилади. У Туркманистон-Хитой газ қувури бошқа давлатлардан Хитойга газ етказиб бериш учун ишлатилиши мумкинлигидан хавотирда.

Кейинроқ Қозоғистон Энергетика вазирлиги Россия ва Ўзбекистон билан уч томонлама газ иттифоқини яратиш бўйича расмий таклифлар олмаганини маълум қилди. Ушбу давлатлар билан газ соҳасида ҳамкорлик икки томонлама форматда амалга оширилмоқда, дея таъкидлади вазирлик.

Ўзбекистон Туркманистон томонининг баёнотига изоҳ бермади.