Ўзбекистоннинг Хитойга газ етказиб бериш статистикаси Хитой томониникидан бир неча баробар паст бўлиб чиқди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон 11 ой давомида 910,8 млн долларлик, шу жумладан, ноябрь ойида 39,6 млн долларлик газ экспорт қилган. Бугунги кунда мамлакат газни фақат Хитойга етказиб бермоқда.

Бироқ Хитой статистик маълумотларига кўра, йил бошидан буён Ўзбекистон томонидан етказиб берилган газ ҳажми 1,03 млрд долларни (Ўзбекистон томони маълумотларидан 13 фоизга кўп), ноябрда эса 114,2 млн долларни (фарқ қарийб 3 баробар) ташкил этган.

«Газета.uz» аввалроқ газ статистикасидаги фарқлар ҳақида хабар берган эди. Хусусан, октябрда, Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жами 91 млн долларга газ экспорт қилган бўлса, Хитой томони 148,5 млн долларлик ўзбек гази импортини маълум қилган.

Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистонда ташқи савдо кўрсаткичларининг шакллантирилиши «Давлат ва божхона ташқи савдо статистикаси маълумотларини йиғиш ва қайта ишлаш услубияти тўғрисида»ги (АВ 2007 йил 20 сентябрь, 1717-сон) низом талаблари асосида юритилишини маълум қилди.

Ушбу низомнинг 5-банди билан Давлат божхона қўмитаси ҳисобот давридан кейинги ҳар ойнинг 7-санасигача тезкор, ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 январигача эса Ўзбекистон ташқи савдо божхона статистикасининг меъёрий ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда, товарлар ташқи савдоси маълумотлари базаси бўйича аниқлаштирилган маълумотларни Давлат статистика қўмитасига тақдим этади.

Шунингдек, Ўзбекистон 2020 йил 10 февралдаги «Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом»да келтирилган сабабларга кўра, божхона юк декларацияси қайта кўриб чиқилиши белгиланган.

«Мазкур Низомда кўзда тутилган ҳолатлар бўйича божхона юк декларациясига Божхона кодексида белгиланган муддат ичида аниқлик киритилиши натижасида, амалга оширилган товарлар экспорт-импорти миқдори ва қиймати, шу жумладан статистик қиймати ўзгариши мумкинлигини таъкидлаймиз», — дейилади хабарда.

Шуни инобатга олиб, Давлат статистика қўмитаси томонидан шакллантириладиган ва эълон қилинадиган ойлик пресс-релиз маълумотларида «Дастлабки» ёки «Тезкор» деган ёзув киритилиши таъкидлади. Давлат статистика қўмитаси томонидан шакллантириладиган статистик маълумотлар нуфузли халқаро молиявий ва иқтисодий ташкилотлар, хусусан Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки ва бошқалар томонидан расман тан олиниб келинмоқда.

«Январь-ноябрь ойларида Давлат божхона постларидан божхона декларация расмийлаштириб ўтилган табиий ёки сунъий газ экспорти қиймати 910,9 млн АҚШ долларини ташкил этган. Бу маълумотлар идоравий маълумот сифатида Давлат статистика қўмитасига тақдим этилган», — дейилади хабарда.

Иссиқлик электр станцияларида газ тақчиллиги кузатилгани сабабли юзага келган электр энергиясини узатишда узилишлар кузатилиши муносабати билан энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев 16 ноябрь куни Ўзбекистон газ экспортини қарийб тўлиқ тўхтатгани, электр энергияси эса ички эҳтиёжларни қондиришга йўналтирилаётганини маълум қилган эди.

«Рақамларга келсак, агар кунлик прогноз кўрсаткичлари бўйича 10 млн куб метр газ экспорти режалаштирилган бўлса, ҳозирги экспорт ҳажми 1 млн куб метрга ҳам етмайди», — деганди энергетика вазири ўринбосари ўшанда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ноябрда 28,5 млн долларлик газ ва 16,5 млн долларлик электр энергияси импорт қилган, дея маълумот беради Давлат статистика қўмитаси.