2023 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда газ қазиб олиш 23,5 млрд куб метрни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,6 фоизга ёки 2,51 млрд куб метрга камайди. «Газета.uz» Статистика агентлигининг саноат ишлаб чиқариши бўйича маълумотларини ўрганди.

Январь ойида 4,31 млрд куб метр (2022 йил январига нисбатан -7,5 фоиз), февралда 3,85 млрд (ўтган йилнинг февралига нисбатан -9 фоиз), мартда 4,16 млрд (-12,96 фоиз), апрелда 3,94 млрд (-8,1 фоиз), май ойида 3,6 млрд (11,2 фоиз) газ қазиб олинган. Июнь ойида қазиб олиш 3,7 млрд (-8,9 фоиз)га камайди, бу бир ой аввалги кўрсаткичдан бироз кўп.

Биринчи ярим йилликда электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,3 фоизга ёки 1,58 млрд кВт·соатга ошган, яъни 36,5 мрлд кВт·соатдан 38 млрд кВт·соатга етган.

Июнь ойида электр энергияси ишлаб чиқариш ўтган ойга (сўнгги йилларда рекорд кўрсаткичга) нисбатан 7,8 фоизга қисқарди — 7,3 млрд дан 6,7 млрд кВт·соатгача. Шу билан бирга, бу ўтган йилнинг июнь ойига нисбатан 10,2 фоизга кўп ҳисобланади.

Январь ойидаги энергетика инқирозидан кейинги дастлабки ойларда ишлаб чиқариш ўтган йилги кўрсаткичлардан паст эди.

Қайд ўтиб ўтиш керакки, март, апрель, май ва июнь ойлари учун электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича дастлабки маълумотлар Статистика агентлиги томонидан ўсиш томонга қараб қайта кўриб чиқилган. Тўрт ой давомида дастлабки ва якуний ишлаб чиқариш маълумотлари ўртасидаги фарқ 4,4 млрд кВт·соатдан ошади. Энергетика вазирлиги аввалроқ Статистика агентлиги давлат-хусусий шериклик доирасида қурилган станциялар (шу жумладан, қуёш фотоэлектр станциялари) кўрсаткичларини ҳисобга олмаслигини таъкидлаган эди. Агентликнинг тушунтиришича, бу станциялар кичик объектлар бўлиб, қонунга кўра, йирик корхоналар каби ҳар ойда эмас, балки йилига бир марта маълумотларни тақдим этади.

Эслатиб ўтамиз, ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 85 фоиздан ортиғи газда ишлайдиган иссиқлик электр станцияларига тўғри келади.

Олти ойда иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш 7,4 фоизга, газ конденсатини ишлаб чиқариш эса 7,2 фоизга камайди.

Йилнинг биринчи ярмида кўмир қазиб олиш ўтган ойлардаги кескин пасайишдан кейин ўтган йилги кўрсаткичларга қайтди. Январь-июнь ойларида ишлаб чиқариш ҳажми 2,49 миллион тоннага (-0,3 фоиз) етди. Июнь ойида сўнгги йиллардаги рекорд кўрсаткич қайд этилди — 517,1 минг тонна. Бу 2022 йил июнига нисбатан 17,7 фоизга кўп.

Нефть қазиб олишнинг ўсиши секинлашишда давом этмоқда ва 391,3 минг тоннага етди (ўтган йилнинг биринчи ярмига нисбатан +2,1 фоиз). Июнь ойида 63,7 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди, бу ўтган йилга нисбатан 2,7 фоизга кам.

Январь-июнь ойларида Ўзбекистонда 650,9 минг тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилди, бу 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 15,7 фоизга кўп. Май ойида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида олиб борилган таъмирлаш ишлари туфайли ишлаб чиқариш кескин пасайиб кетганидан сўнг июнь ойида деярли икки баравар кўпроқ — 100,1 минг тонна ёқилғи ишлаб чиқарилди.